Тўйлар бўйича низом,  “погонлилар” пенсияси: 1 январдан ўзбекистонликларни нималар кутмоқда?

Жамият

image

2020 йилнинг январь ойидан бир нечта ҳуқуқий ҳужжатлар кучга киради. Жамоатчилик ўртасида муҳокамаларга сабаб бўлган Тўйлар ва бошқа маросимларни тартибга солувчи НИЗОМ ҳам шулар жумдасидан. Шунингдек, фаолиятини юритмаётган тадбиркорлик субъектларининг тугатиш тартиби соддалаштирилади. Аҳолидан талаб қилинадиган ҳужжатлар сони бир нечтага озайтирилиши режалаштирилган. Қуйида булар бўйича батафсил маълумотлар берилган.

 Янги йилдан тўйлар “ови” бошланади?

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси кенгаши ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарорига кўра:

1) Тўй, оилавий байрамлар, маърака ва маросимлар (дафн маросимидан ташқари) 1 кун бўлади;
2) Улар соат 6:00-23:00 оралиғида ўтказилади;
3) Шароитга қараб ош вақти халқ депутатлари томонидан алоҳида белгиланади;
4) 200 нафаргача одам қатнашади, ошда 250 тагача;
5) Қўшалоқ тўйда 250 нафаргача, ошда 300 нафаргача;
6) Дафн маросимида чекланмаган одам қатнашиши мумкин, ош бериш вақти бундан мустасно;
7) Кортежда 3 тадан кўп машина мумкин эмас;
8) Диний маърузани рухсати бор шахс ўқийди;
9) "Келин навкари", "чорлар", "ота кўрди", "сеп ёйди", "қуда чақирди", "куёв чақирди", "келин чақирди", "тоғора юбориш", "пул сочиш" ва ҳоказоларни ўтказишга йўл қўйилмайди;
10) "етти", "пайшанбалик", "йигирма", "қирқ", "йил оши", "пул тарқатиш", "мато улашиш" ва ҳоказоларни ўтказишга йўл қўйилмайди;
11) 50 ва ундан ортиқ шахс иштирокида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади;
12) Тўйни олиб борувчи артист, фотограф ва бошқалар билан шартнома тузилади;
13) 2 нафардан ортиқ хонандага (гуруҳ) рухсат берилмайди;
14) Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, Республика "Нуроний" жамғармаси, Маънавият ва маърифат маркази, Хотин-қизлар қўмитаси, "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ўз ваколатлари доирасида ушбуларга жавобгар бўлади. Бу ерда асосий тушунчалар келтирилган.

Тадбиркорлик субъектини тугатиш соддалаштирилади

Жорий йилнинг 7 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолаганди. Унга мувофиқ, 2020 йил 1 январдан қуйидагилар белгиланади:

- молия-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган ва (ёки) қонунчиликда белгиланган муддатларда ўзларининг устав жамғармаларини шакллантирмаган корхоналарни тугатиш бўйича доимий ишловчи махсус ҳудудий комиссияларни тугатиш;

- рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил ичида устав фонди таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаганлиги учун тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини бекор қилиш.

ҚҚС бўйича янги тартиблар кучга киради

Президент Шавкат Мирзиёевнинг жорий йил 10 июлдаги "Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолаганди. Унга кўра:

- ҚҚСни тўлашга ўтадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар солиқ органларида ушбу солиқнинг тўловчиси сифатида мажбурий ҳисобга олинади ва бу ҚҚС суммасини ҳисобга олишнинг шарти ҳисобланади;

- ҚҚСни тўлашга ўтишда унинг суммаси ҚҚСни тўлашга ўтилган санадан аввалги охирги 12 ойда харид қилинган товар-моддий захираларнинг тасдиқланган қолдиқлари бўйича реализация ҳажмига мос келадиган улушда ҳисобга олинади;

- ҚҚСни тўлашга ўтиш ёки Ягона солиқ тўлови (ЯСТ)ни тўлашни рад этиш тўғрисидаги хабарнома ҚҚСни тўлашга ўтиладиган ой бошланишидан олдин 10 иш кунидан кечиктирмасдан тақдим этилади.

Бюрократия даражаси камаяди: 29 та идоралараро комиссия ва кенгашлар тугатилади

2019 йил 9 декабрда Президентнинг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

Ўзбекистонда 2020 йилдан бошлаб 29 та идоралараро комиссия ва кенгашлар, жумладан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Йўл хўжалиги кенгаши, божхона тартиб-таомиллари ва экспорт-импорт операцияларини такомиллаштириш бўйича ишчи гуруҳ ва бошқалар тугатилади.

Айрим нотариал ҳаракатлар бекор қилинади

“Ўзбекистон Республикасида нотариат тизимини тубдан ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра, корхона ижараси, текин фойдаланиш, бирламчи бозорда мол-мулк лизинги ва гаров (ипотека) шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бекор қилинади.

Ободонлаштириш ходимларига овқатланишлари учун компенсация бериш бошланади

"Аҳоли пунктларини ободонлаштириш соҳасида ишлар самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори қабул қилинди. 2020 йил 1 январдан ободонлаштириш ходимларига бир қатор устамалар тўланади. Жумладан, ободонлаштириш бўлинмалари ходимларига овқатланиш учун энг кам ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорида компенсация белгиланади.

Айрим “погон”лилар тўлиқ пенсия олишни бошлайди

Ўзбекистон Республикаси п
Президентининг "Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонига ўзгартиришлар киритилди. 

2020 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардияси ва Давлат божхона қўмитасининг пенсия олиш ҳуқуқини берадиган хизмат муддатини ўтаб, хизматдан бўшатилган ҳамда ёшга доир пенсия олувчи пенсионерлари шаҳодатланган лавозимлар ҳисобидан хизматга қайта қабул қилинган тақдирда уларга пенсиялар тўлиқ миқдорда тўланади.

Айрим дорихоналарга камералар ўрнатилади

Жорий йил 6 сентябр куни Президентнинг “Дори воситалари ноқонуний айланишининг олдини олиш чораларини кучайтириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди.

2020 йил 1 январдан бошлаб қишлоқ оилавий поликлиникалари ва қишлоқ врачлик пунктлари ҳудудида жойлашган дорихоналар ва уларнинг филиалларидан ташқари барча дорихоналарда дори воситалари ва тиббий буюмларнинг реализация (бериш) жараёнини узлуксиз равишда видеога ёзиб олиш ва бир ой давомида видео-ёзувларни сақлаш тартиби жорий этилади. Бу механизм қатъий ишлаши учун янгича тартиб дори воситалари ва тиббий буюмларни чакана реализация қилишдаги лицензия талаби этиб белгиланди.

Ҳужжат талаб қилиш яна биттага камаяди

“Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонига кўра:

2020 йил 1 январдан бошлаб коммунал ахборот тизимларида кўчмас мулкнинг янги эгалари тўғрисида маълумот автоматик режимда бўлади. Шу билан бирга, коммунал хизматлари кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи янги кўчмас мулк эгаларининг ҳужжатларни талаб қилиш ҳуқуқига эга эмас.


 


Мақола муаллифи

Теглар

Сенат Олий Мажлис

Баҳолаганлар

766

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг