Назарбеков ёшлар билан учрашувга Hermes’нинг $1200 лик пойабзалида борди (видео)

Жамият

image

Маданият вазири Озодбек Назарбеков бугун, 12 март куни Андижонда бўлиб ўтган “Вазир ва ёшлар учрашуви”га қимматбаҳо пойабзалда борди. Буни вазирликнинг расмий саҳифаларида эълон қилинган видеоларда кўриш мумкин.

Бугун, 12 март куни Озодбек Назарбеков Андижон вилоятида ёшлар билан учрашув ўтказди. Маданият вазирлигига кўра, тадбирда 300 нафарга яқин ёшлар иштирок этган. Эътиборли томони шундаки, вазир Озодбек Назарбеков мазкур учрашувга Hermes брендига тегишли, Европа ва АҚШда 1200 доллардан қиммат турадиган оёқ кийимда борган. Бу Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2022 йилнинг 14 октябрида қабул қилинган “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга зид.

Ушбу қарорнинг 6-бандида давлат хизматчисининг ташқи кўриниши меҳнат шароитлари ва хизмат турига қараб, хизмат мажбуриятларини бажариши вақтида фуқароларнинг давлат ташкилотига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлишига кўмаклашиши, умумий қабул қилинган иш услубига мувофиқ бўлиши ва расмийлик, холислик, камтарлик ва интизомни намоён этиши лозимлиги қайд этиб қўйилган. Яъни, давлат хизматчисининг ташқи кўриниши камтарона бўлиши лозим.

Hermes брендининг расмий сайтидаги маълумотларга кўра, Озодбек Назарбеков кийган оёқ кийим – “Bouncing sneakers” модели АҚШда ўртача 1275 доллардан сотилади. Бу нарх Европада 895 еврони, хусусан, Англияда эса 970 фунт стерлингни ташкил этади. Осиё давлатлари учун тахминан 15 млн сўмдан етказиб берилади. Амалдаги тартибга кўра, Ўзбекистонга чет эл орқали кириб келадиган товарларининг нархи 1000 доллардан ошса, унга 30 фоизлик бож солинади. Шу орқали, “Bouncing sneakers” Ўзбекистонда мижоз қўлига етиб боргунига қадар тахминан 1500 долларга тушади.

Маълумот учун, Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2021 йил 6 июлда қабул қилган ва 7 июлдан бошлаб кучга кирган “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида 2022 йил 1 январдан бошлаб, давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори бўлган ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари, ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланганди.

Бироқ ҳали ҳамон “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун қабул қилинмади. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Озодбек Назарбеков хусусий университетни реклама қилганди. Қайд этиш жоизки, бу вазир Назарбековнинг биринчи марта рекламага тушиши эмас. 2024 йили Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири – Халқ артисти Озодбек Назарбеков иштирокида кийимлар дўкони рекламаси тарқалганди. Ҳолат Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан ўрганилганидан сўнг дўкон жаримага тортилган, вазир эса айбсиз деб топилган. Қўмита раиси маслаҳатчиси Отабек Усмонов ўшанда вазир нега айбсиз эканига тушунтириш бериб, Назарбеков рекламани ҳеч қаерда тарқатмагани учун рекламанинг айланишида расман иштирок этмаганини, у реклама берувчи ҳам, реклама тайёрловчи ҳам, реклама тарқатувчи ҳам эмаслигини билдирганди.


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Озодбек Назарбеков Hermes Bouncing sneakers

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг