“Навбаҳор” устози истеъфога чиқарилди

Спорт

image

Ўзбекистон Суперлигаси 22-туридаги “Бухоро” клубига қарши йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг “Навбаҳор” жамоаси раҳбарияти бош мураббий Сергей Лушанни лавозимидан озод қилди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

52 ёшли мутахассис 2024 йилнинг ёзида Самвел Бабаяннинг истеъфосидан сўнг “Навбаҳор” клуби бош мураббийи сифатида тайинланган. Шундан сўнг, Наманган клуби билан Ўзбекистон кубоги финал босқичига чиқиб, финалда “Андижон”га имкониятни бой берган.

"Биз Сергей Ивановичга “Навбаҳор”даги фаолияти учун ўз миннатдорчилигимизни билдирган ҳолда, кейинги фаолиятида омад ёр бўлишини тилаймиз”, дейилади клуб хабарида.

Қайд этиш жоиз, Сергей Лушан Бухорода учралган йирик ҳисобдаги мағлубиятдан сўнг ўз футболчиларидан норози эканини ва айрим футболчиларнинг ҳаракатлари шубҳали туйилгани ҳақида гапирган.

Унинг бошқарувида “лочинлар” Суперлигада 35 та ўйин ўтказиб, 16 та ғалаба, 9 та дуранг, 10 та мағлубият, Ўзбекистон кубоги доирасидаги баҳсларда эса 8 та учрашувда майдонга тушиб, 5 та ғалаба (иккитаси пенальтилар серияси бўйича), 1 та дуранг ҳамда 2 та мағлубиятни қайд этган. Айни пайтда “Навбаҳор” Ўзбекистон Суперлигасида 22 ўйинда 33 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида 7-ўринда бормоқда.

Маълумот учун, Сергей Лушан мураббий сифатида 2011 йилда “Бунёдкор” ўринбосарлар жамоасида фаолиятини бошлаган бўлса, шундан сўнг Ўзбекистон U-19, “Бунёдкор”, “Сўғдиёна”, “Динамо”, “Самарқанд”, Белоруснинг “Шахтёр” ва “Шахтёр-2” жамоаларига устозлик қилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган “Навбаҳор” “Бухоро” Сергей Лушан

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг