Навальний сирли тарзда ғойиб бўлди

Олам

image

Россия Президенти Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси, мухолифатчи Алексей Навальний бирдан ғойиб бўлиб қолди. Унинг шериклари мухолифатчини қидириб, Москвадаги аксарият ҳибсхоналарни текширди, бироқ унинг дараги чиқмади.  Бу ҳақда Коррупцияга қарши кураш фонди директори Иван Жданов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

“База”нинг Алексей Москвада экани ва у билан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақидаги версияси тасдиқланмади. Тергов ҳаракатлари адвокатларсиз амалга оширилмайди. Барча тергов ҳаракатлари аллақачон Владимирда бўлиб ўтган. Саккиз кундан бери биз Алексей Навальнийнинг қаердалигини билмаймиз”, дейди Жданов.

Сиёсатчининг матбуот котиби Кира Ярмишнинг қўшимча қилишича, Навальний шифокорлар назоратида экани ҳақидаги миш-мишлар ҳам тасдиқланмаган.

"Алексей шифокор назорати остида", деган миш-мишлар ҳам бор эди. Биз бу миш-мишларга ишонмаймиз ва улар тасдиқланмаган. Алексейга уч йил давомида тиббий ёрдам кўрсатилмади, бир йилдан кўпроқ вақт давомида унга ҳатто тиш шифокорига боришга ҳам рухсат берилмаган”, деб ёзган Ярмиш.

Маълумот учун, 5 декабрдан бери Навальнийнинг қаердалиги ва соғлиғи ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ. 11 декабрь куни Владимир вилоятининг Мелехово қишлоғидаги 6-сонли ахлоқ тузатиш колонияси ходимлари Алексей Навальний энди уларнинг рўйхатида эмаслигини маълум қилди. Колония унинг қаерга кўчирилганини айтмади. Бунгача адвокатга сиёсатчи билан учрашишга рухсат берилмаган. Навальнийнинг ўзи эса суд мажлисларига видеоалоқа орқали қатнашишни тўхтатган. 12 декабрь куни “База” Telegram-канали ўз маълумот манбаларини кўрсатмай, Навальний янги жиноий иш бўйича тергов ҳаракатларини ўтказиш учун Москвага кўчирилганини ёзди. Мухолифатчи сиёсатчининг тарафдорлари ижтимоий тармоқларда #ГдеНавальный ҳэштегини йўлга қўйди ва унинг қаерда экани ҳақидаги маълумот учун мукофот эълон қилди.

Алексей Навальний 2021 йил бошидан бери қамоқда. 2023 йил августида Москва шаҳар суди сиёсатчини “экстремизм” иши бўйича махсус режимли колонияда 19 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилди. Сиёсатчининг ғойиб бўлиши у жазони ўтайдиган янги колонияга ўтказилиши билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, декабрь ойи бошида Алексей Навальнийга нисбатан янги жиноий иш очилгани маълум қилинганди. Унга кўра, Навальнийга Жиноят кодексининг 214-моддаси ("Вандализм") бўйича қўшимча уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкинлиги хабар қилинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Алексей Навальний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг