НАТО Украинага қандай ёрдам бераётгани айтилди
Олам
−
21 Март 2022
11027Шимолий Атлантика шартномаси ташкилоти (НАТО) Украинага қурол ва гуманитар ёрдам етказиб бериш ҳамда молиявий жиҳатдан ёрдам беришни кучайтиряпти. Бу ҳақда альянс Бош котиби Йенс Столтенберг маълум қилди.
“НАТО иттифоқчилари Украинага қурол-яроғ ва инсонпарварлик ёрдамини етказиб беришни ҳамда мамлакат иқтисодиётига молиявий ёрдам кўрсатиш орқали қўллаб-қувватлашни кучайтирмоқда”, дея таъкидлади у.
Столтенбергнинг сўзларига кўра, НАТО давлатлари Россияга нисбатан “миқёси бўйича мисли кўрилмаган” санкциялар жорий қилмоқда. Бу Москвани асоссиз ва мутлақо маъносиз уруш учун тўловни тўлашга мажбур қилади.
“Альянс Украинани қўллаб-қувватлайди. Биз ушбу можаронинг НАТО ва Россия ўртасидаги кенг кўламли урушга айланиб кетишининг олдини олиш учун ҳаракат қиламиз”, дея таъкидлади Йенс Столтенберг.
Аввалроқ, агар Россия кимёвий қурол ишлатса, НАТО Украинадаги можарога аралашмаслик бўйича ўз позициясини қайта кўриб чиқишини маълум қилган эди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси