НАТО Бош котиби Арманистонда олиб борилаётган сиёсатни мақтаб чиқди 

Олам

image

НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг Ереванга ташрифи доирасида Арманистон Бош вазири Никол Пашинян билан учрашди. Бу ҳақда бугун, 19 март куни Бош вазир матбуот хизмати маълум қилди. 

Қайд этилишича, улар Арманистон-НАТО ҳамкорлиги, минтақавий жараёнлар, Ереван ва Баку ўртасидаги тинчлик келишуви билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилган. Пашинян НАТО Бош котибининг мамлакатга ташрифидан мамнун эканини билдирган.

“Бош котиб делегациясининг Арманистон Республикасига ташрифини қутлайман. Ушбу ташриф амалга оширилаётганидан жуда хурсандман, чунки бу бизнинг кенг кўламли кун тартибимизни муҳокама қилиш учун жуда яхши имкониятдир”, деган у. 

Пашинянга кўра, Арманистон НАТО билан ҳамкорликни чуқурлаштиришдан манфаатдор ва мамлакат учун индивидуал дастур имкон қадар тезроқ қабул қилинишини интиқлик билан кутилмоқда. У Ереван НАТО ва ташкилотнинг айрим давлатлари билан мавжуд сиёсий мулоқотни ривожлантириш тарафдори эканини қўшимча қилган.

“Минтақамизда содир бўлаётган воқеаларни ҳисобга олган ҳолда, Арманистон учун тегишли мудофаани мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ниҳоятда муҳим”, деган Бош вазир. 

Ўз навбатида, Йенс Столтенберг Пашиняннинг кўп йиллар давомида НАТО, турли миссиялар ва операцияларда қатнашгани ва Арманистоннинг Косово миссиясидаги иштирокини эслаб ўтган. Арманистон учун индивидуал қабул дастурларини ташкил этиш орқали ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштириш ниятида эканини билдирган.

"Албатта, биз сизнинг суверенитетингиз ва ҳудудий яхлитлигингизни қўллаб-қувватлаймиз. Шунингдек, биз муҳим деб ҳисоблаган энг мустақил ташқи ривожланиш сиёсатини олиб бориш бўйича ҳаракатларингизни юқори баҳолаймиз. Мен шахсан сизнинг раҳбарлигингиз ва Арманистоннинг мажбуриятларига қойил қоламан. Демократик институтлар, демократия ва қонун устуворлигини мустаҳкамлашга қаратилган ҳаракатларингизни мамнуният билан қабул қиламиз, шунингдек, Арманистонга Украина учун ўз вақтида гуманитар ёрдам кўрсатаётгани учун ташаккуримни билдираман”, деган у. 

Арманистон Бош вазири халқаро ҳамжамиятдан, жумладан НАТОдан Арманистон ва Озарбайжон ўртасида маълум ва келишилган тамойилларга асосланган тинчлик жараёни, шунингдек, мажбурлаш ва таҳдид сиёсатини сўзсиз рад этиш учун кучли қўллаб-қувватлашга муҳтож эканини қайд этган.

Эслатиб ўтамиз, 17-18 март кунлари НАТО Бош котиби Озарбайжон ва Грузияга боргани ҳақида хабар берган эдик.


Мақола муаллифи

Теглар

НАТО Арманистон Йенс Столтенберг

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг