НамДУ олдида хотинини ваҳшийларча ўлдирган эркакка ҳукм ўқилди
3-саҳифа
−
03 Ноябрь 2023
11906Аввалроқ Наманган давлат университети биноси олдида оилавий келишмовчилик сабабли ўзининг турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, уни пичоқлаб ўлдиргани ҳақида хабар берган эдик. QALAMPIR.UZ мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши якуни бўйича маълумот олиш мақсадида Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов билан боғланди.
Унинг маълум қилишича, жорий йилнинг 6 май куни соат 12:00 ларда Наманган шаҳар Уйчи кўчаси 316-уйда жойлашган Наманган давлат университетининг дарвозаси олдидаги пиёдалар йўлакчасида 26 ёшли У.О. 23 ёшли турмуш ўртоғи О.Ҳ. билан ярашиб олиш мақсадида унга қўлидаги гулларни берган.
Бироқ у рад жавобини олгач О.Ҳ. билан жанжаллашиб, қўлидаги ошхона пичоғи билан унинг томоғидан кесиб, танасининг турли соҳаларига жиддий жароҳат етказган. О.Ҳ. олган жароҳатлари оқибатида шу заҳоти вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши жорий йилнинг 10 октябрь куни Наманган шаҳар суди биносида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилган. Унда судланувчи У.О. Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми “ж" ва "л” бандларида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 17 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, жазони умумий тартибли колонияларда ўтаттириш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида ўзининг уч нафар фарзандини ўлдирган отага нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида яшовчи аёл ўз опаси билан пул масаласидаги зиддият сабабли жиянини сўйиб ташлагани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь