Сурхондарёда опасидан аламзада аёл жиянини сўйди
3-саҳифа
−
26 Октябрь 2023
19128Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида яшовчи аёл ўз опаси билан пул масаласидаги зиддият сабабли жиянини сўйиб ташлади. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, термизлик М.Х. (исмлари ўзгартирилган) ва унинг турмуш ўртоғи янги уй-жой қуриш мақсадида узоқ йиллар хорижда ишлаган. Тўплаган пулларини эса фарзандларига кўз-қулоқ бўлиб турган опаси С.Х.га ойма-ой жўнатиб турган. М.Х. сафардан қайтгач, опаси Х.С. дан жўнатилган пулларни сўраган, бироқ опаси ҳеч қандай пул йўқлигини, жўнатилган барча маблағларни унинг фарзандларига сарфлаганини айтган.
Шундан сўнг битта кўчадаги ёнма-ён уйларда яшовчи икки опа-сингил ўртасида жиддий келишмовчилик юзага келган.
Кунларнинг бирида С.Х.нинг ўғли А.Д. холаси М.Х.нинг уйига аввалроқ холаваччалари олиб чиққан кетмонни сўраб чиққан ва ҳовлида ўйнаб турган болаларни “Нега, бировнинг буюмини ишлатиб, вақтида қайтармайсизлар? Ҳе, яхшиликни билмаган нонкўрлар”, дея ҳақоратлай бошлаган. Ҳовлидаги шовқинни эшитиб чиққан М.Х. бу гаплардан ғазабланиб, А.Д. билан жанжаллашиб кетган. Сал ўтиб бу жараёнга С.Х.нинг иккинчи ўғли Б.Д. ҳам қўшилган ва жанжал кескин тус олган.
Оқибатда М.Х. ошхона пичоғини А.Д.нинг бўйнига кетма-кет санчган. Пичоқ зарбидан бўйин йўғон томирининг узилишидан кўп қон йўқотган А.Д. шифохонада вафот этган.
Ушбу жиноят иши Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди томонидан жорий йилнинг 3 апрель куни кўриб чиқилиб, судланувчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида ўзининг уч нафар фарзандини ўлдирган отага нисбатан умрбод озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлангани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси