Намангандаги хусусий боғчада 15 нафар бола тортдан заҳарланди

3-саҳифа

image

Наманган вилоятидаги уй боғчасида 15 нафар бола тортдан заҳарланди. Бу ҳақда вилоят Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 25 июль куни Уйчи туманидаги “Г.” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг 15 нафар тарбияланувчиси туман тиббиёт бирлашмасининг болалар юқумли касалликлари бўлимига ётқизилган. Уларга сифати тез бузилувчи маҳсулотни истеъмол қилиши оқибатида ошқозон-ичак фаолияти функцияси бузилиши ташхиси қўйилган.

Ўрганиш натижасида муассаса тарбияланувчиларининг ота-оналари томонидан фарзандининг туғилган куни муносабати билан сифатсиз торт ширинлиги олиб келингани ва у тарбиячи томонидан ўзбошимчалик билан болаларга берилгани аниқланган. 

Шифохонада болаларга дарҳол барча зарур муолажалар кўрсатилиб, ўша куннинг ўзида (икки соатдан сўнг) 13 нафарининг ҳолати яхшилангани сабабли уйига рухсат берилган. 2 нафар болага эса бутунлай соғайганидан кейин, 26 июль куни жавоб берилган. 

“Ҳозирда болаларнинг ҳаммаси ўзини соғлом ҳис қилмоқда ва “Г.” оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотида таҳсил олмоқда”, дейилади хабарда. 

Шунингдек, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими ўз тасарруфидаги барча давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотлари масъулларига таълим муассасаларига сифати тез бузилувчи маҳсулотларни олиб кирмаслик, тарбияланувчиларга турли газли ичимликларни ичирмаслик, унли озиқ-овқат маҳсулотларига алоҳида эътибор қаратиш бўйича огоҳлантирилгани ва тушунтириш ишлари тўлиқ олиб борилганини билдирди.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган мактабгача таълим тортдан заҳарланди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг