Наманганда тез ёрдам машинаси ҳайдовчиси ЙТҲда ҳалок бўлди
3-саҳифа
−
27 Ноябрь 2023
7485Наманганда ичида икки нафар ҳайдовчи ва фельдшер бўлган тез ёрдам машинаси йўл-транспорт ҳодисасига учради. Оқибатда бир нафар ҳайдовчи вафот этди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси маълум қилди.
Кеча, 26 ноябрь куни Чортоқ тумани тез тиббий ёрдам Алихон шохобчаси ҳайдовчиси Н.А. тиббий кўрикдан ўтказилиб, соғлом ҳолда ишга чиқарилган. Тез тиббий ёрдам санитар машинасининг техник ҳолати соз бўлган. Ҳайдовчи Н.А. навбатчиликни қабул қилганидан сўнг, фельдшер Т.Ҳ. билан бирга дори-дармон олиш учун Алихон шохобчасидан Чортоқ тумани тез тиббий ёрдам марказига йўл олган. Машинага яна бир ҳайдовчи И.С. йўл-йўлакай марказга келиш учун ўз хоҳиши билан чиқиб олган.
Маълумотларга кўра, Пастки Қорабоғ қишлоғидан ўтиб келаётган вақтда олдинда ҳаракатланиб келаётган йўловчи ташувчи Damas автомобили тўсатдан тўхтаб қолган. Тез ёрдам ҳайдовчиси эса йўл-транспорт ҳодисасининг олдини олиш мақсадида машинани қарама-қарши йўналишга бурганида рўпарадан келаётган Cobalt билан тўқнашиб кетган.
Оқибатда тез ёрдам ҳайдовчиси Н.А. оғир тан жароҳати олган, ёнида ўтириб келган ҳайдовчи шериги И.С. билан биргаликда Чортоқ туман тез тиббий ёрдам шифохонасига олиб борилган. Шифохонада Н.А.га шошилинч ёрдам кўрсатилишига қарамай, у вафот этган. Яна бир ҳайдовчи И.С. эса “Бош мия ёпиқ шикасти, пешона соҳаси шилиниб-йиртилган жароҳати” билан шифохонага ётқизилган, ҳозирда унинг ҳолати қониқарли. Фельдшер Т. Ҳ. ҳеч қандай тан жароҳати олмаган.
“Юқорида ҳолат юзасидан шуни маълумот ўрнида айтиб ўтиш керакки, санитар машина техник ҳолати соз бўлгани, бу бахтсиз тасодифий йўл-траспорт ҳодисаси эканини маълум қилинади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг Учкўприк туманида ISUZU русумли юк машинаси светофорда тўхтаб турган Damas'га бориб урилиши оқибатида 4 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси