Муфтий Нуриддин Холиқназаров халқаро кенгашга қабул қилинди
Жамият
−
10 Февраль
5638Муфтий Нуриддин Холиқназаров кеча, 9 февраль куни Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида бўлиб ўтаётган Мусулмон донишмандлар кенгаши йиғилишига қабул қилинди. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси ахборот хизмати хабар берди.
Билдирилишича, Мусулмон донишмандлари кенгаши раиси, Миср Араб Республикаси Бош имоми, ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг кенгаш аъзолигига қабул қилиш ҳақидаги қарорни ўқиб эшиттирган.
“Аҳмад Тоййиб жаноблари ўз сўзида Марказий Осиё минтақасидаги кўплаб уламолар орасидан фақатгина Ўзбекистон муфтийси кенгашга аъзо қилинганига алоҳида урғулади”, дея қўшимча қилинган идоранинг хабарида.
Шунингдек, йиғилишда иштирок этган дунёнинг етакчи ва таниқли уламолари муфтийнинг Мусулмон донишмандлар кенгашига қабул қилиниши тарихий воқеа эканини айтиб ўтган.
Эслатиб ўтамиз, 15 йил мобайнида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раҳбари бўлган Усмонхон Алимов вафотидан сўнг, 2021 йилнинг 19 октябрь куни Тошкент шаҳри бош имом-хатиби вазифасида ишлаб келаётган Нуриддин Холиқназаров идора раиси этиб тайинланганди. У бунгача Халқаро мусулмон уламолар кенгаши аъзолигига ҳам қабул қилинган.
LiveБарчаси