Молдованинг биринчи аёл Президенти бугундан ишга киришди
Олам
−
24 Декабрь 2020
5269Бугун, 24 декабрь куни Молдованинг сайланган Президенти Майя Санду қасамёд қилди ва Республика раҳбари сифатида иш бошлади. Бу ҳақда РИА Новости хабар бермоқда.
Молдова қонунчилигига биноан, мамлакат Президенти инаугурациясидан эътиборан ишга киришади.
Қайд этилишича, инаугурация маросими бугун, 24 декабрь куни Республика саройида бўлиб ўтган.
Маълумот ўрнида, Санду Молдованинг биринчи аёл Президенти ҳисобланади.
Санду 1972 йилда Молдова шимолидаги “Рисипен” қишлоғида туғилган. Иқтисодий таълим академиясини ва Молдова Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясини ҳамда Гарвард институти қошидаги давлат бошқаруви мактабини тамомлаган. У Европа Иттифоқи, Жаҳон банки, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилган. Вашингтондаги Жаҳон банки Ижрочи директорининг маслаҳатчиси бўлиб ишлаган. Румин, инглиз, рус ва испан тилларида бемалол мулоқот қила олади.
Санду АҚШдан Молдовага қайтиб келгач, 2012 йилда “Влад Филат” ҳукуматида таълим вазири лавозимини эгаллаш таклифини олган. Ушбу лавозимда у таълим соҳасидаги қаттиқ ислоҳотлар билан кенг танилган. Молдовада миллатлараро мулоқот тили мақомига эга бўлган рус тили Санду даврида мактабларда мажбурий эмас қилиб қўйилган. Бугунги кунда Санду харажатларни оптималлаштириш мақсадида кўплаб қишлоқ мактабларини ёпган ва бу кўпчиликни бўш қолдиргани учун танқидларга сабаб бўлмоқда.
2016 йилги президентлик сайловларида Санду Европапараст кучларнинг ягона номзодига айланди. Aммо у иккинчи босқичга қадар Додонга 4 фоиз фарқ билан ютқазган. 2019 йил июнь ойида Бош вазир лавозимини эгаллаган Санду коррупцияни енгиш, Европага интеграция сиёсатини олиб бориш ва Россия билан конструктив муносабатларни давом эттиришга ваъда берди. Бироқ, таклифномага қарамай, у Москвага ташриф буюрмаган.
2020 йилда эса Санду партияси уни президентлик сайловида қайта номзодини кўрсатди.
Маълумот учун, Молдовада Президент 4 йилга сайланади.
Аввалроқ, Майя Санду "Ҳаракат ва бирдамлик партияси"га аъзолигидан воз кечиб, партия раиси лавозимидан кетгани ҳақида хабар берилганди.
Эслатиб ўтамиз, Молдовада жорий йил 15 ноябрь куни бўлиб ўтган президентлик сайловларида Санду ғолиб бўлди. У 57,27 фоиз, амалдаги Президент Игорь Додон эса 42,28 фоиз овоз тўплади. Додоннинг ваколат муддати кеча, 23 декабрда тугаган.
LiveБарчаси