Лукашенко МДҲдан чиқаётган Молдовани кескин танқид қилди
World
−
13:05 1435 1 minute
Беларусь резиденти Александр Лукашенко Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги таркибидан чиқиш қарори сабабли Молдова раҳбарияти шаънига танқидий фикрлар билдирди. Бу ҳақда бугун, 9 октябрь куни Александр Лукашенко матбуот хизматининг расмий “Пул Первого” Telegram-каналида Беларусь етакчисининг МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитидаги нутқининг стенограммаси эълон қилинди.
“2027 йилнинг апрелида МДҲдан де-юре Молдова чиқади. Бу оддий молдованларнинг танлови эмас, балки раҳбариятнинг калтабинлик билан қабул қилган қароридир. Устига-устак, у буни ўзи ҳам тушунади ва Эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги шартномада иштирокини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда”, дейди Лукашенко.
Нутқи давомида у Молдова раҳбариятини “оддий Молдова фуқаролари учун лоақал дастлабки босқичда ҳамкорлик каналларини узиб қўймаслик” имкониятини сақлаб қолишга чақирган.
“Тарих ҳамиша такрорланади. Бизда аллақачон Грузиянинг МДҲдан чиқиш тажрибаси бор. Аммо бугун вазият қандай ўзгараётганини кўриб турибмиз. Нормал муносабатларга қайтиш Ҳамдўстликнинг синалган механизмлари орқали енгилроқ кечиши ошкора кўриниб турибди”, дея қўшимча қилган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Молдова ТИВ раҳбари Михай Попшой мамлакат 2027 йил 8 апрелда МДҲ таркибидан расман чиқишини маълум қилган эди.
Live
All