Молдовадаги аэропортда отишма содир этган тожикистонлик ўз давлатида қидирувда экани аниқланди

Олам

image

Молдованинг Кишинёв аэропортида асли тожикистонлик бўлган Россия фуқароси отишма содир этиши оқибатида икки киши ҳалок бўлиб, бир киши жароҳатланганди. Ушбу фуқаро Тожикистонда одам ўғирлашда айбланиб, терговдан яширингани аниқланди. Бу ҳақда Тожикистон Бош прокуратураси хабар берди.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 23 июнь куни Душанбе шаҳрида “Ориёнбанк” раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Исматуллоев ўғирлаб кетилган. Мазкур факт бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тезкор-тергов гуруҳи тузилган. 

Тергов жараёнида уюшган жиноий гуруҳ иштирокчиларидан бири тожикистонлик Рустам Ашуров ушбу жиноятни содир этиб, кейинчалик яшириниш мақсадида Туркия орқали Молдова Республикасига қочиб кетгани аниқланган. 

Қайд этилишича, Молдова давлат чегарасини кесиб ўтиб, уни қўлга олишга уринаётганда Рустам Ашуров Кишинёв аэропорти ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларидан бирининг тўппончасини тортиб олган, икки кишини отиб ўлдирган ва бир неча кишини гаровга олган.

“Антитеррор операцияси чоғида Рустам Ашуров яраланиб, қўлга олинди”, дейилади хабарда.

Воқеадан сўнг Кишинёв аэропортининг йўловчилари ва ходимлари эвакуация қилинган. Ҳодиса бартараф этилмагунча барча рейслар қолдирилиб, самолётлар парвозлари тўхтатилган.

Молдова прокуратураси террорчилик ҳаракати бўйича жиноий иш қўзғатган.

Республика Президенти Мая Санду эса мамлакат ҳудудида ҳуқуқ-тартибот идораларини шай ҳолатга келтирган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон Молдова отишма

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made