Молдова Россиянинг Украинадаги “ваҳшиёна хатти-ҳаракатларини” қоралади

Олам 5817
image

Молдова Россиянинг Украинага бостириб криши ва 200 кундан бери давом этаётган урушда бегуноҳ инсонларнинг ҳалок бўлишини қоралаб, Москванинг хатти-ҳаракатларига ваҳшиклик деб баҳолади. Ташқи ишлар ва Европа интеграцияси вазирлигининг Украинадаги сўнгги воқеалар юзасидан баёнот баёноти бугун, 12 сентябрь куни эълон қилинди.  

Баёнотда шундай дейилади: 

“Россиянинг Украинага қарши 200 кунлик агрессив уруши давомида минглаб бегуноҳ тинч аҳоли ҳалок бўлди. 

Барча айбдорлар ўз қилмишлари учун халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ жавоб бериши керак. 

Тинч аҳоли бу урушда, жумладан, яқинда Харьков фуқаролик инфратузилмасига мутлақо асоссиз ҳужумлар натижасида катта талофот кўришда давом этмоқда, бунинг оқибатида қўшни давлатнинг бир қанча ҳудудлари электр таъминотисиз қолган. 

Тинч аҳоли ҳаётига мутлақо эътибор бермаган бу ваҳший хатти-ҳаракатларга зудлик билан чек қўйиш керак”.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 19
Рейтинг: 3
t
×