Миссисипи соҳилида самолёт қулади. 6 нафар йўловчи бедарак йўқолди

Олам

−

visibility953 timer2 дақиқа

image

АҚШнинг Миссисипи штати соҳиллари яқинида олти киши, жумладан, икки нафар бола бўлган Cessna 210 енгил самолёти Мексика кўрфазига қулаб тушди. Ҳодисадан сўнг бошланган қидирув-қутқарув ишлари давомида самолётнинг бир қисми, қутқарув қайиғи ва учта қутқарув камари топилган, бироқ бортидаги йўловчилар ҳозирча аниқланмаган. Бу ҳақда “Associated Press” агентлиги хабар берди.

Маълумотларга кўра, самолёт 24 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 15:30 атрофида Миссисипи штатидаги Паскагула шаҳри билан Хорн ороли ўртасида ҳалокатга учраган. АҚШ Федерал авиация маъмурияти (FAA) дастлабки маълумотларига кўра, самолёт билан алоқа тахминан соат 15:45 да узилган. Шу пайтда у дақиқасига қарийб 10 минг фут (3 минг метрдан ортиқ) тезликда пастлаётган бўлган.

АҚШ соҳил қўриқлаш хизмати вакили Хуан Роснинг маълум қилишича, самолёт бортида тўрт нафар катта ёшли киши ва 8 ҳамда 10 ёшли икки нафар ўғил бола бўлган. Ҳозирча уларнинг шахси ва тақдири ҳақида расмий маълумот берилмаган.

Қидирув ишлари давомида қутқарув гуруҳлари Хорн оролидан тахминан икки денгиз мили шимоли-шарқда самолёт кабинасини, учта қутқарув камари ва қутқарув қайиғини аниқлаган. Соҳил қўриқлаш хизмати вакилининг сўзларига кўра, самолёт кабинаси сув юзасида сузиб турган. Бироқ ҳозиргача бортидаги олти кишидан бирортаси топилмаган.

Ҳодиса жойига АҚШ соҳил қўриқлаш хизматининг Паскагула бўлинмасига қарашли иккита кичик қайиқ, шунингдек, Мобил шаҳридаги бўлинмадан қутқарув кемаси ва авиация техникаси жалб қилинган. Миссисипи денгиз ресурслари департаменти ҳам иккита қайиқ билан қидирув ишларида иштирок этган. Паскагула полицияси ҳам қутқарув операциясига ўз кучларини сафарбар қилган.

Самолёт Луизиана штатидаги Нью-Орлеан шаҳрининг Lakefront аэропортидан Флорида штатидаги Форт-Майерс шаҳрига қараб йўл олган бўлган. Бу маълумот парвозларни кузатиш хизматлари маълумотлари билан ҳам тасдиқланган.

Ҳозирча самолётнинг нима сабабдан ҳалокатга учрагани маълум эмас. АҚШ Федерал авиация маъмурияти ва Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши (NTSB) ҳодиса ҳақида хабардор қилинган. Ҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича текширувни NTSB олиб бориши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Калифорния штатидаги Темекула шаҳри яқинида вертолётнинг ҳалокатга учраши оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмганлиги ҳақида хабар берилган эди. Ҳодиса юзасидан Федерал авиация маъмурияти ва Риверсайд округи шериф идораси текширув олиб бормоқда.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг