Гайана соҳилларида паром ағдарилиб, ўнлаб одамлар чўкиб кетди

Олам

image

Жорий йилнинг 18 июль куни Гайана соҳиллари яқинида 133 нафар йўловчи ва экипаж аъзоси бўлган паром ағдарилиб кетди. Ҳодиса оқибатида ўнлаб одамлар бедарак йўқолди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

Қайд этилишича, MV Barima пароми пойтахт Жоржтаун шаҳридан Порт Кайтумага қараб ҳаракатланаётган пайтда ҳалокатга учраган.

Маълумотларга қараганда, ҳозиргача 67 киши қутқарилган. Улар орасида 41 нафар эркак, 11 нафар аёл ва 15 нафар бола бор. Ҳодисадан сўнг кенг кўламли қидирув-қутқарув ишлари бошланган. Операцияда вертолётлар, самолётлар ва балиқ овлаш кемалари жалб этилган бўлиб, қидирув ишлари 1000 квадрат мил ҳудудда олиб борилмоқда.

Маълум қилинишича, паром 18 июль куни соат 15:00 атрофида йўлга чиққан. 23:01 да фавқулодда сигнал келиб тушган ва қутқарув операцияси бошланган. Гайана расмийлари паром тўлиб кетгани сабабли ағдарилгани ҳақидаги тахминларни рад этди. Бош вазир Марк Филлипснинг маълум қилишича, кема ҳодиса вақтида белгиланган юклама чегарада бўлган ва у 300 дан ортиқ йўловчини ташишга мўлжалланган лицензияга билан ҳаракатланган.

Шунингдек, расмийлар паром бортида 250 та қутқарув жилети, иккита қаттиқ қутқарув қайиғи ҳамда олтита шишириладиган қутқарув қайиғи бўлганини маълум қилган.

Ҳодисага кучли оқим ва кеманинг ичига сув кириши сабаб бўлган бўлиши мумкин. Ҳозирда бедарак йўқолган йўловчиларни қидириш-қутқариш ишлари давом этмоқда. Қутқарув гуруҳлари ҳудудни текшириш ишларини олиб бормоқда, воқеа сабабларини аниқлаш бўйича ҳам суриштирув бошланган. Расмийлар яқин вақт ичида қўшимча маълумот берилишини маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Калифорния штатидаги Сан-Франциско кўрфазида, Алкатраз ороли яқинида 19 кишини олиб кетаётган понтон қайиғи чўкиб кетиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна икки киши бедарак йўқолган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг