Калифорнияда вертолёт қулади. 2 киши ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
933 2 дақиқа
АҚШнинг Калифорния штатидаги Темекула шаҳри яқинида вертолётнинг ҳалокатга учраши оқибатида икки киши ҳаётдан кўз юмди. Ҳодиса юзасидан Федерал авиация маъмурияти ва Риверсайд округи шериф идораси текширув олиб бормоқда. Бу ҳақда “Los Angeles Times” нашри хабар берди.
Маълум қилинишича, Robinson R22 русумли вертолёт ДеПортола ва Оук-Маунтин йўллари кесишмаси яқинидаги тепаликка бориб урилган. Ҳалокат жойига етиб келган шериф идораси ходимлари вертолётда бўлган икки киши воқеа жойида вафот этганини тасдиқлаган.
Маълумотларга кўра, ҳодиса 23 ноябрь куни маҳаллий вақт билан тахминан соат 9:30 да содир бўлган. Вертолётнинг икки йўловчиси ҳалокат жойида вафот этган. Ҳозирча уларнинг шахсига оид маълумотлар ошкор этилмаган.
Вертолёт Риверсайд округининг жануби-ғарбида жойлашган Френч-Валли аэропортидан парвоз қилган. Округ аэропортлари бошқармаси раҳбари Анжела Жеймисон ҳам ҳаво кемаси айнан шу аэропортдан учганини тасдиқлаган, бироқ ҳодиса ҳақида қўшимча маълумотга эга эмаслигини билдирган.
Ҳалокат сабабларини аниқлаш бўйича текширувни АҚШ Миллий транспорт хавфсизлиги кенгаши бошқармоқда. Федерал авиация маъмурияти ҳам терговда иштирок этмоқда. Ҳозирча вертолётнинг нима сабабдан тепаликка урилиб кетгани маълум қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг Орегон штатида икки вертолёт ҳавода тўқнашиб кетиши оқибатида 3 киши ҳалок бўлган эди. Ҳодиса 29 октябрь куни Макминвилл муниципал аэропорти яқинида содир бўлган.
Live
Барчаси