Мирзиёев Жапаров ва Тўқаевдан ҳам табрик олди
Жамият
−
10 Июль 2023
3171Қозоғистон ва Қирғизистон Президентлари Қосим-Жомарт Тўқаев ҳамда Садир Жапаров Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Қозоғистон ва Қирғизситон Президентлари Матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, Қосим-Жомарт Тўқаев ва Садир Жапаров Шавкат Мирзиёевни кеча, 9 июль куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган муддатидан илгари Президент сайловида қозонган ғалабаси билан самимий қутлаган.
Қозоғистон Президенти Қозоғистон-Ўзбекистон муносабатларини стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида янада чуқурлаштиришга содиқлигини яна бир бор айтган.
Шу билан бирга давлат раҳбарлари олий даражада илгари эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари юзасидан фикр алмашган, шунингдек, келгуси икки томонлама тадбирлар жадвалини кўриб чиққан.
“Президент сайловлари натижалари сизнинг юксак обрўингиз, Ўзбекистон халқининг ишончи ва республикада барқарор ижтимоий-иқтисодий ўсишни таъминлашга қаратилган прагматик ва истиқболли сиёсатингиз қўллаб-қувватланаётганининг ёрқин далилидир”, дейилган Жапаров Мирзиёевга йўллаган табрикда.
Шунингдек, Жапаров Қирғизистон-Ўзбекистон муносабатларида икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча йўналишларида мисли кўрилмаган ижобий ўзгаришлар юз берганини, муҳим қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ келишувларга эришилганини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон Туркманистон Миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳамда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған давлат раҳбарини муддатидан илгари ўтказилган Президент сайловида қозонган ишончли ғалабаси билан самимий табриклаган эди.
LiveБарчаси