Эрдўған ва Алиев Шавкат Мирзиёевни ғалаба билан табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон раҳбари Илҳом Алиев ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.

Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқотида кўп қиррали муносабатларни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суриш масалалари муҳокама қилинган.

Озарбайжон раҳбари Шавкат Мирзиёевни Президент сайловидаги ғалабаси билан самимий табриклаб, Ўзбекистон халқига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тилаган.

Шунингдек, бўлажак олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилиб, иқтисодий кун тартибидаги масалаларни икки мамлакат ҳукуматлари даражасида пухта ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланган.

Мулоқот давомида халқаро ташкилотлар, шу жумладан, Қўшилмаслик ҳаракати ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасидаги ҳамкорлик юзасидан ҳам фикр алмашилган.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёев Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан ҳам телефон орқали мулоқот қилиб, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгашининг бўлажак йиғилишига биргаликда ҳар томонлама тайёргарлик кўриш зарурлиги муҳокама қилинган.

“Суҳбат аввалида Туркия Президенти Шавкат Мирзиёевни муддатидан илгари Президент сайловида қозонган ғалабаси билан дилдан қутлаб, сайловчиларнинг овоз беришдаги фаол иштирокини ҳамда Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар аҳоли томонидан кенг қўллаб-қувватланганини таъкидлади”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, кейинги йилларда Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларида юксак даражага эришилгани катта мамнуният билан қайд этилган.

Фаол мулоқот ва алмашинувларни давом эттириш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, муҳим инвестиция лойиҳалари ва гуманитар дастурларни амалга оширишга кўмаклашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев Ражаб Тойиб Эрдўған сайлов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made