Мирзиёев Туркия разведкаси, ТИВ ва ИИВ раҳбарларини қабул қилди
Жамият
−
12 Сентябрь
4017Президент Шавкат Мирзиёев бугун, 12 сентябрь куни Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан, Ички ишлар вазири Али Ерлиқоя ва Миллий разведка хизмати директори Иброҳим Қалиндан иборат делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашув бошида улар Президент Мирзиёевга Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг саломини етказди.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 6-7 июнь кунлари Туркияга қилинган расмий ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон-Туркия кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.
Икки давлат вазирлари ва идоралари раҳбарлари ўтказган қўшма учрашувда қабул қилинган “йўл харитаси”га мувофиқ, мунтазам ва тизимли алоқаларни давом эттириш, бундай музокаралар формати ва кун тартибини кенгайтириш муҳимлиги таъкидланди.
Сиёсий мулоқотни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик лойиҳаларини илгари суриш масалалари муҳокама этилди. Хавфсизликка замонавий таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича идоралараро ҳамкорликни кучайтириш ва қўшма тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, минтақавий ҳамкорлик ва халқаро ташкилотлар доирасидаги шерикликнинг долзарб жиҳатлари юзасидан фикр алмашилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ДХХ раиси, генерал-лейтенант Абдусалом Азизов Иброҳим Қалин раҳбарлигидаги Туркия Миллий разведка ташкилоти делегациясини қабул қилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь