Мирзиёев Тўқаевга ҳамдардлик билдирди
Жамият
−
28 Октябрь 2023
16039Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев қозоғистонлик мавқедоши Қосим-Жомарт Тўқаевга ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга Қарағанда вилоятидаги Костенко номидаги конда рўй берган портлаш оқибатида инсонлар ҳалок бўлгани ва жароҳат олгани муносабати билан ҳамдардлик йўллади”, дейди Президент матбуот котиби.
Шунингдек, Президент Мирзиёев кон ичида қолаётган кончилар тез фурсатда қутқарилишига умид билдирган.
Маълумот учун, воқеа содир бўлган пайтда Костенко конида 252 киши бўлган. Ер юзига 208 киши олиб чиқилган, улардан 18 нафари тиббий ёрдамга мурожаат қилган. Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг сўнгги маълумотларига кўра, ҳозирда ҳалок бўлган 32 кишининг жасади топилган, 14 нафар кончини қидириш ишлари давом этмоқда.
Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва Россия Президенти Владимир Путин ҳам Тўқаевга ҳамдардлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 28 октябрь куни эрталаб Қозоғистондаги кўмир конида портлаш содир бўлганди. Мамлакат Бош прокуратураси кон ёки қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидаларини бузиш (Жиноят кодексининг 277-моддаси 3-қисми) моддаси бўйича терговга қадар текширув бошлади. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев кондаги портлашдан сўнг, “ArselorMittal Temirtau” билан инвестициявий ҳамкорликни тўхтатишни буюрди. Давлат раҳбари 29 октябрни ҳалокат қурбонлари хотирасига умумхалқ мотам куни деб эълон қилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь