Мирзиёев Мустақиллик байрамида Афғонистондаги вазият ҳақида гапирди
Жамият
−
31 Август 2021
8997Айни вақтда Тошкент шаҳрида жойлашган “Янги Ўзбекистон” мажмуасидаги амфитеатрда мамлакат Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бўлиб ўтаётгани ҳақида хабар бергандик.
Президент Шавкат Мирзиёев ушбу тадбирда байрам нутқини сўзлади ва унда Ўзбекистоннинг Афғонистон бўйича позицияси ҳақида гапирди.
“Сўнгги кунларда ён қўшнимиз Афғонистонда юз бераётган воқеаларни ҳаммамиз ташвиш билан кузатиб турибмиз. Биз бу мамлакатда тезроқ тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши тарафдоримиз.
Афғонистон Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасида ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлашда кўприк вазифасини бажара олишига ишонамиз”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, давлат раҳбари ушбу мамлакатдаги ҳокимият алмашинуви тинч йўл билан ўтиши тарафдори эканини маълум қилган.
“Афғонистон билан алоқаларимизда дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини қўллаб-қувватлаш ҳамда ички ишларга аралашмаслик тамойилларига содиқ қоламиз.
Ушбу мамлакатда ҳокимият транзити халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларини инобатга олган ҳолда, миллий келишув асосида тинч йўл билан амалга оширилиши ўта муҳим, деб ҳисоблаймиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Қайд этиш керакки, бундан аввалроқ давлат раҳбари Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовни ёдга олиб, мустақилликнинг илк йилларида амалга оширилган улкан ишларни санаб ўтди.
20 йил деганда Афғонистонни тарк этаётган АҚШ
2001 йили Нью-Йоркда теракт (террорчилик ҳаракати) амалга оширилди. Шундан сўнг, АҚШ ва у аъзо бўлган НАТО кучлари Афғонистонга қўшин киритди. Шу билан Америка тарихида энг узоқ давом этган 20 йиллик афғон уруши бошланди. Кичик Жорж Буш, Барак Обама ва Дональд Трамп каби АҚШ Президентлари ушбу урушни якунлай олмади. Фақат Президент Байден даврига келиб Афғонистондан мамлакат қўшинларини олиб чиқиб кетиш бошланди. Бу жараён жорий йилнинг 31 август куни якунланади.
Афғонистондаги давлат тўнтариши
Афғонистонни бир йирик куч тарк этиши ортидан бошқа бир куч — “Толибон” мамлакат ҳудудларини эгаллай бошлади. Қайд этиш керакки, АҚШ қўшинларининг Афғонистонни тарк этиши охирига етмай туриб, “Толибон” мамлакат пойтахтини эгаллади. 15 август куни Афғонистон Ислом Республикасини қулатган толиблар 19 август куни Афғонистон Ислом Амирлиги тузилганини эълон қилди.
Расмий Тошкентнинг Афғонистондаги кескинлик пайтида эвакуация бўйича кўрсатаётган ёрдами
Қайд этиш керакки, Ўзбекистон нафақат афғонистонлик қочқинларни ўз ватанига қайтариш бўйича ишлар олиб бормоқда, балки хорижий фуқароларни Афғонистондан эвакуация қилиш бўйича Европа давлатларига кўмаклашмоқда. Бу учун албатта, миннатдорлик билдирган давлат раҳбарлари ҳам бўлди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган бир неча кун мобайнида Ўзбекистон ҳудуди орқали хорижий давлатларнинг 1982 фуқароси эвакуация қилинди. Ушбу жараёнларда Тошкент-3 маҳаллий аэропорти транзит вазифасини ўтамоқда. Бундан ташқари, ушбу жараёнларга Бухоро ва Нукус аэропортлари ҳам жалб қилинган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 15 август куни Афғонистон Ислом Республикаси қулади. Президент Ашраф Ғани эса истеъфога чиққанини эълон қилди. Шу билан мамлакатда ҳокимият “Толибон” қўлига ўтди.
2001 йил Афғонистонга кирган АҚШ бошчилигидаги халқаро коалиция кучларининг асосий қисми мамлакатни тарк этди. Ғарб давлатларининг Қобулда қолган кучлари дипломатларни ва ўзларига ёрдам берган афғонларни эвакуация қилиш билан банд. “Толибон” сиёсий идораси вакили Муҳаммад Наим Афғонистонда 20 йил давом этган уруш тугаганини эълон қилди. Жорий йилнинг 19 август куни эса толиблар Афғонистонни Ислом Амирилиги, деб эълон қилди.
LiveБарчаси