Мирзиёев Қозоғистон халқи ва Президентига таъзия йўллади

Жамият 8201
image

Бугун, 10 январь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон халқи ва Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга таъзия йўллади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мактубида қардош Қозоғистон ҳудудидаги фожиали воқеалар ва уларнинг натижасида кўплаб ҳарбийлар ва аҳоли вакиллари нобуд бўлгани ҳамда оғир жароҳатлар олгани, кўрилган катта талофатлар муносабати билан Президент Қосим-Жомарт Тўқаевга ва дўст Қозоғистон халқига чуқур таъзия изҳор этилган. 

“Давлатимиз раҳбари Ватан осойишталиги ва мамлакат халқининг ҳимояси йўлида қурбон бўлган фидойи фарзандларнинг оила аъзолари ва яқинларига самимий ҳамдардлик билдириб, жароҳат олганларнинг тез фурсатларда шифо топишларини тилаган”, дейилади хабарда.

Қозоғистонда намойишлар 

Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.    

Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.    

5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.

Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.

Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.

Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.

Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (ОДКБ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди

Юлдуз Абдурашидова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 203
Рейтинг: 3
t
×