Мирзиёев Қорақалпоғистон воқеаларига тўхталди

Олам

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев айни вақтда Олий Мажлис палаталарига йўллаётган мурожаатномасида Қорақалпоғистон воқеаларига тўхталди.

Сўзи аввалида давлат раҳбари дунёда рўй бераётган воқеалар ҳақида сўз очди. 

“Ҳаммамиз кўриб-билиб турибмиз – бугун инсоният ниҳоятда мураккаб даврни бошидан кечирмоқда. Ер юзидаги иқлимнинг кескин ўзгариши, сув ва табиий ресурслар камайиши билан боғлиқ муаммолар катта хатарларга айланмоқда. Халқаро муносабатларда ўзаро ишонч камайиб, қарама-қаршилик ва можароларнинг ортиши барқарорлик ва ривожланишга жиддий хавф солмоқда. Афсуски, бундай хавф-хатарлар бизни ҳам четлаб ўтмаяпти”, дейди Президент

Президентнинг алоҳида урғулашича, Қорақалпоғистонда содир бўлган нохуш воқеалар халқни қаттиқ қайғуга солган

“Худога шукур, кўп миллатли халқимизнинг оқиллиги ва донишмандлиги билан вазият тезда изга тушди. Биз учун “Қорақалпоғистон ютуғи – бутун Ўзбекистон ютуғи, Қорақалпоғистон ташвиши – бутун Ўзбекистон ташвиши”, деган ғоя ҳамиша амалий ҳаракат дастури бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади!”, дейди давлат раҳбари.

Унинг таъкидлашича, асрлар давомида эт ва тирноқ каби бир бўлиб кетган халқлар дўстлигига ҳеч қандай куч таъсир кўрсата олмайди. 

“Чунки, бизнинг ўтмишимиз бир, бугунимиз ҳам, келажагимиз ҳам бир!”, дейди Мирзиёев.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1-2 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида айрим фуқаролар Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотларни нотўғри талқин қилиб, кутилмаганда намойишлар уюштирди. 

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳолатни Нукусда давлат бошқаруви органларини эгаллашга уриниш деб баҳолади.

Шундан сўнг, 2 июль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қорақалпоғистонга етиб борди ва қорақалпоқ халқи билан мулоқот қилди. 

Шунингдек, Президент Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш муҳокамаси ҳали давом этаётганини инобатга олиб ҳамда Қорақалпоғистон аҳолиси билдираётган фикр ва мулоҳазаларни ўрганган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70, 71, 72, 74, 75-моддаларини амалдаги таҳрирда ўзгаришсиз қолдириш зарурлигини маълум қилди.

Бугун, 4 июль куни Ўзбекистон Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Конституциядаги Қорақалпоғистонга оид моддалар ўзгартирилмаслиги ҳақида қарор қабул қилди.

Содир бўлган воқеаларда 516 киши қўлга олинди, 243 киши жароҳатланди, 18 киши қурбон бўлди. Ҳолат бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159-моддаси (Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш) 4-қисми – “Ҳокимиятни босиб олиш ёки Ўзбекистон Республикаси конституциявий тузумини ағдариб ташлаш мақсадида фитна уюштириш” билан жиноят иши қўзғатилди


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

96

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг