Мирзиёев дунёда урчиётган исломофобияни қоралади
Жамият
−
20 Сентябрь 2023
6621Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида сўзлаган нутқида дунёнинг айрим мамлакатларида учраётган диний тоқатсизлик ва исломофобия ҳолатларини қоралаб, уларга асло йўл қўйиб бўлмаслигини айтди.
Унинг қайд этишича, дунё ҳамжамияти экстремизм балоси тарқалишига, ёшларнинг радикаллашувига йўл қўймаслик учун биргаликдаги ҳаракатларни кучайтириши зарур.
Президент ўз сўзида ўтган йилнинг март ойида Тошкентда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг терроризмга қарши глобал стратегиясини Марказий Осиёда амалга ошириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси қабул қилинганини эслатган.
“Экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича Миллий стратегиямиз доирасида бир масалага алоҳида эътибор қаратмоқдамиз. У ҳам бўлса, илгари экстремизм ғоялари таъсирида бўлган шахсларни соғлом ҳаётга қайтариш ва жамиятга мослаштириш масаласидир. Биз бу борада ўзига хос тажриба орттирдик, беш марта “Меҳр” инсонпарварлик миссиясини ўтказдик. Унинг доирасида 530 нафардан зиёд фуқаролар, аввало, аёллар ва болаларни Яқин Шарқ ва Афғонистондаги қуролли низолар ҳудудларидан юртимизга қайтардик. Уларнинг барчасига тиббий, психологик, ижтимоий ва бошқа ёрдамлар кўрсатилди. Халқаро жамоатчилик жорий йилнинг июнь ойида мана шу ерда, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош қароргоҳида мамлакатимизга олиб келинган ва янги ҳаёт бошлаган шахсларнинг тарихини уларнинг ўзларидан эшитди”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
Унинг билдиришича, Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо давлатлар халқаро терроризм каби умумий таҳдидларга қарши курашда янада бирлашиб, ҳаракат қилишлари керак.
“Яна бир муҳим фикрни таъкидлашни истардим. Сўнгги пайтларда айрим мамлакатларда кўзга ташланаётган диний тоқатсизлик, исломофобия ҳолатларига асло йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз. Жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда UNESCO шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этишни таклиф қиламиз”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, Ўзбекистон раҳбари, муқаддас Ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини чуқур очиб бериш мақсадида 2024 йил Ўзбекистонда “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббусини илгари сурган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 июнь куни Швецияда полициясининг рухсати билан акция ўтказилган ва унда Ироқдан келган 37 ёшли муҳожир Салван Момика Қуръон саҳифаларини йиртиб ташлаб, уни ёқиб юборганди. Бу ҳаракат кўпчилик томонидан, хусусан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан ҳам қораланди. Салван Момика эса 20 июль куни яна Стокгольм полициясининг рухсати билан Ироқ элчихонаси яқинида акция ўтқазди ва мусулмонларнинг муқаддас китоби Қуръон нусхасини тепди. Кейинчалик Дания пойтахти Копенгагендаги Ироқ элчихонаси олдида ҳам ўта миллатчи “Даниялик ватанпарварлар” гуруҳи вакиллари митинг ўтказиб, Қуръон китобини ёқиб юборди. Кейинчалик Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳам Қуръон таҳқирланишини қоралади.Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги эса Швеция ва Данияда Қуръонни таҳқирлаш билан боғлиқ ҳаракатларни дунё мусулмонлари учун ҳақоратомуз, деб атади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси “Нафрат сўзларига қарши курашиш контекстида динлараро ва маданиятлараро мулоқот ва бағрикенгликни қўллаб-қувватлаш” резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон унинг ҳаммуаллифларидан бири бўлди.
LiveБарчаси