Метрода бегона қизга шилқимлик қилган инстаблогернинг иши судда кўриб чиқилади (видео)
3-саҳифа
−
31 Май 2023
17556Ижтимоий тармоқларда бир йигитнинг метрода нотаниш қизга шилқимлик қилгани акс этган видео тарқалди. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати тасвирдаги йигитнинг шахси аниқланиб, унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилганини маълум қилди.
Видеодан кўриш мумкинки, йигит метрода кетиш жараёнида бегона қизнинг қўлини ушлашга ҳаракат қилган. Қиз ундан ўзини олиб қочишга уринганига қарамай, йигит яна унга нисбатан шилқимлик қилишда давом этган ва бу ҳаракатни шериги ёрдамида тасвирга олиб, ижтимоий тармоқ орқали тарқатган. Кейинроқ бошқа видео эълон қилган ва унда бу ҳаракат пранк экани ҳамда унинг видеоси нотўғри талқин қилинаётганини айтиб, узр сўраб чиққан.
Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати берган хабарга кўра, метрода шилқимлик қилган йигитнинг шахси аниқланиб, унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-1-моддаси (Шаҳвоний шилқимлик қилиш) билан баённома расмийлаштирилган ва чора кўриш учун судга юборилган.
Маълумот учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг мазкур моддасига кўра, айбланувчи базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача (660 минг сўмдан 1 миллион 650 минг сўмгача) миқдорда жаримага тортилиши ёки беш суткагача маъмурий қамоққа олиниши мумкин. Бундай ҳаракат бир йил ичида такрор содир этилганда эса базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан етти бараваригача (1 миллион 650 минг сўмдан 2 миллион 320 минг сўмгача) миқдорда жаримага тортишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлиши мумкин. Жамоат жойида ўзгаларга нисбатан шилқимлик қилиш учун беш суткагача маъмурий қамоқни назарда тутувчи қонун лойиҳаси шу йилнинг 11 январида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ва апрель ойида қабул қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда бундай ҳолат аввал ҳам кузатилган. Ўшанда, жорий йилнинг 10 май куни “Чилонзор” метро йўналишидаги поездда нотаниш қизга шилқимлик қилган 24 ёшли йигит беш суткага қамалганди.
LiveБарчаси