Медведев Украинага ҳужум глобал урушга йўл қўймаслик учун бошланганини айтди
Олам
−
27 Август 2022
8067Украинада “махсус ҳарбий операция” Учинчи жаҳон урушининг олдини олиш мақсадида амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Россия Федерацияси Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев Франциянинг LCI телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
“Биз Учинчи жаҳон уруши бўлмаслиги учун ҳамма нарсани қилишимиз керак ва мамлакатимиз сиёсати айнан шунга қаратилган”, дейди Медведев.
Унинг тушунтиришича, агар Украина НАТОга аъзо бўлса ва кейин Россия ҳудудига қарши ҳарбий операция бошласа, Учинчи жаҳон уруши бошланиши мумкин.
Медведев, шунингдек, “махсус операция” “энг тежамкор, мўътадил вариант бўйича давом этаётгани” ва Россия ҳарбийлари фақат Украина Қуролли Кучларига қарши ҳарбий амалиётлар ўтказаётганини иддао қилган.
“Агар вазият бошқача бўлганида, сиз тушунганингиздек, бу ҳарбий кампания тезроқ тугаши мумкин эди. Аммо Украина учун бутунлай бошқача оқибатлар бўларди. Унинг инфратузилмаси бутунлай вайрон бўлади, қарор қабул қилиш марказлари, ҳокимият органлари ва бошқалар йўқ қилинади. Биз бу вариантга бормадик”, дейди Медведев.
Медведев, шунингдек, ҳозирда Россиянинг ядро қуролидан фойдаланиши учун ҳеч қандай асос йўқлигини таъкидлади. Унинг эслатишича, бу фақат бировнинг ядровий зарбаси ёки “давлатнинг мавжудлигига таҳдид солувчи бошқа ҳаракатлар”га жавобан содир бўлиши мумкин.
Дмитрий Медведев, Украина босқинидан сўнг, жамоатчилик орасида урушнинг энг агрессив ҳимоячиларидан бирига айланди. Шунингдек, у Ғарб ва украиналик сиёсатчиларни ҳақорат қилиб, келажакда Украина “дунё харитасида мавжуд бўлишига” шубҳа билдирди.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарадаги тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь