Масжидда портлаш уюштирган террорчи йўқ қилинди
Олам
−
26 Март 2023
17401Аввал хабар берганимиздек, Қобулдаги “Толибон” ҳаракатининг Ички ишлар вазирлигига қарашли масжидда портлаш уюштирилган, оқибатда 4 киши ҳалок бўлган, 25 киши яраланган эди. Портлаш учун жавобгар ИШИД террорчилик гуруҳининг асосий аъзоси Асад Лағмоний “Толибон” ҳаракати хавфсизлик кучлари томонидан йўқ қилинди. Бу ҳақда бугун, 26 март куни “Толибон”нинг Бош разведка бошқармаси маълумотларига таяниб, “Ariana News” телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, Лағмоний жойлашган бошпанадаги махсус операция чоғида хавфсизлик кучлари 3000 дона Калашников автомати, портловчи моддалар ва қўл гранаталарини қўлга киритган.
Маълумот учун, 2022 йилдан бери Афғонистонда бир қатор терактлар содир бўлган. Улар учун жавобгарликни эса ИШИД ўз зиммасига олган. Ўз навбатида, “Толибон” вакиллари Афғонистондаги ИШИДнинг асосий тузилмаларини бостирганини даъво қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Афғонистон шимолидаги Балх вилоятида портлаш содир бўлган, оқибатда икки киши, жумладан, Балх губернатори Муҳаммад Довуд ҳалок бўлганди. Мозори Шариф шаҳридаги “Тебиян” Эрон маданият марказида ҳам журналистлар, маҳаллий расмийлар ва бир қанча дин арбоблари иштирок этган тадбирда теракт содир бўлиб, оқибатда икки киши ҳалок бўлган, яна 14 киши яраланганди.
LiveБарчаси