Марокашда ҳам маймунчечакнинг биринчи ҳолати аниқланди
Олам
−
13 Сентябрь
1069Кеча, 12 сентябрь куни Марокашда маймунчечак (М-pox) касаллигининг биринчи ҳолати тасдиқланди. Бу ҳақда “The North African Post” хабар берди.
Нашрга кўра, инфекция ташхиси қўйилган шахсга Марракешдаги тиббиёт марказларидан бирида зарур ёрдам кўрсатилган ва у ҳозирда тиббий назорат остида бўлиб турибди. Беморнинг соғлиғи барқарор деб баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, расмийлар вирус тарқалишининг олдини олиш учун профилактика чораларини кўряпти. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса фуқаролардан қўлларини мунтазам ювиш, касалланганлар билан тўғридан-тўғри алоқа қилмаслик ва шахсий гигиена қоидаларига риоя қилишга чақирмоқда.
Маълумот учун, маймунчечак кам учрайдиган вирусли касаллик бўлиб, иммунитети заиф одамлар учун хавфли ҳисобланади. Унинг аломатлари иситма, интоксикация, кенгайган лимфа тугунлари ва тошмалар тарқалиши билан билинади. Енгил ҳолатларда касаллик ўз-ўзидан ўтиб кетади ва 14 дан 21 кунгача давом этади. 2024 йил бошидан 9 августгача Африкада маймунчечак билан боғлиқ 17,5 мингдан ортиқ ҳолат қайд этилган, улардан 517 нафари ўлим билан якунланган.
Эслатиб ўтамиз, Европада касаллик фақат Швецияда тасдиқланган. Осиё мамлакатлари орасида Покистон, Филиппин, Таиланд ва Ҳиндистон вирус аниқланган мамлакатлар рўйхатидан жой олган.
LiveБарчаси