Малдив ороллари ҳам ШҲТга аъзолик ҳақида ўйлаяпти
Олам
−
17 Июль 2023
4590Малдив ороллари Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига (ШҲТ) тўлақонли аъзолик масаласини кўриб чиқмоқчи. Бу ҳақда бугун, 17 июль куни Малдив Ташқи ишлар вазири Абдулла Шаҳид маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат расмийлари ҳозирча ШҲТга тўлиқ иштирок этиш учун сўров юбормаган.
“Айни пайтда биз мулоқот бўйича ҳамкор сифатида қабул қилиндик, бу шу йил содир бўлди. Мулоқот бўйича ҳамкор сифатида биз ўзаро шерикликни бошлаяпмиз, воқеалар ривожи билан бу борада қарор қабул қиламиз. Биз тажриба орттирмоқчимиз ва шу асосда бир қарорга келамиз. Балки яқин беш йил ичида янги келишувларнинг бир қисмини тузишга ҳаракат қиламиз”, дейди вазир.
Маълумот учун, ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Ташкилот тўққиз давлатдан иборат: Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Россия, Покистон, Тожикистон ва Ўзбекистон.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 5 май куни Ҳиндистоннинг Панажи шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси доирасида Қувайт, Малдив ороллари, Мьянма Иттифоқи Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликларига ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини бериш бўйича меморандумни имзоланганди. 4 июль куни Ҳиндистон раислигида онлайн форматда бўлиб ўтган ШҲТ саммитида эса Эрон расман ташкилот аъзосига айланди ва Шанхайдаги ШҲТ котибиятида Эрон байроғи кўтарилди. Шунингдек, саммит доирасида Беларуснинг ташкилотга аъзо бўлиш мажбурияти тўғрисидаги меморандум имзоланди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь