Беларусь ШҲТга аъзо бўлишга шошиб қолди. Сабаб нима? 

Олам

image

Бугун, 4 июль куни Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) аъзо давлатлар раҳбарлари Ҳиндистон раислигида онлайн форматда бўлиб ўтган 23-саммити чоғида Беларуснинг ташкилотга аъзо бўлиш мажбурияти тўғрисидаги меморандумни имзолади. Виртуал учрашув ШҲТ Котибияти томонидан трансляция қилинди.
     
Айтилишича, меморандумнинг имзоланиши саммитга кузатувчи сифатида таклиф қилинган республиканинг ШҲТга тўлиқ аъзо бўлиш тартибини бошлаб беради.

Ўз навбатида, Беларусь Ташқи ишлар вазири Сергей Алейник Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо бўлиш учун барча зарур қонунчилик ишларини амалга оширишини билдирган. 

"Энди кейинги жараён ушбу меморандумни ва барча аъзо давлатлар томонидан бизнинг мажбуриятларимиз тўпламини ратификация қилиш билан боғлиқ бўлади. Ратификация жараёни тугаши билан мамлакатимизнинг тўлиқ аъзолиги ҳақида гапириш мумкин. Бу яқин келажакда амалга ошишини кутамиз”, дега Алейник. 

Беларусь фуқароси Александр Лукашенко ҳам республика “яқин келажакда” ШҲТга аъзо бўлишига ишонч билдирган.

“Ишончим комилки, барча аъзо давлатларнинг қўллаб-қувватлаши билан Беларусь ҳам яқин келажакда ШҲТга тўлақонли аъзо сифатида қўшилади. Глобал озиқ-овқат хавфсизлигининг кескинлашган муаммолари шароитида ШҲТ давлатлари Беларуснинг минерал ўғитлар, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик экспортчиларидан бири сифатидаги имкониятларига ишониш мумкин”, деган Лукашенко.

Шунингдек, у ШҲТ ҳозирги геосиёсий шароитда асосий эътиборни иқтисодиётга эмас, балки минтақа хавфсизлигига қаратишга мажбур эканини таъкидлаган.

"Бугунги кунда биз барча қоидалар ва тушунчалар бутунлай йўқ қилинганини кўрмоқдамиз. Шу боис ШҲТ кўпроқ эътиборни иқтисодий масалаларга эмас, балки минтақадаги хавфсизлик ва барқарорлик муаммоларига қаратишга мажбур бўлса ажаб эмас. Принципларни қатъий ҳимоя қилиш, истисносиз барча давлатлар учун адолатли дунё барпо этиш учун Минск турли халқаро платформаларда муросасиз ечимлар топиш устида доимий ишламоқда”, деган у.

Лукашенконинг таъкидлашича, аввалги хавфсизлик тизими идеал эмас эди, лекин шунга қарамай, у ўзаро назорат ва мувозанат механизмларини, халқаро ҳуқуқ нормаларига мажбурий риоя қилишни назарда тутган.

Маълумот учун, Беларусь 2010 йилдан ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори, 2015 йилдан эса ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Республикани ШҲТга қабул қилиш тартиби ташкилотнинг 2022 йил сентябрда Самарқандда бўлиб ўтган саммитида бошланган. Ўшанда Лукашенко мамлакат аъзолик жараёнини тезлаштирилган форматда ўтказишни режалаштираётганини айтган.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 4 июль куни бўлиб ўтган саммитда Эрон расман ШҲТнинг аъзосига айланган ва Шанхайдаги ташкилот котибиятида Эрон байроғи кўтарилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

ШҲТ Беларусь Лукашенко

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг