ШҲТга янги мулоқот ҳамкорлари қўшилди
Олам
−
05 Май 2023
8555Бугун, 5 май куни Ҳиндистоннинг Панажи шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирлари кенгаши мажлиси доирасида Қувайт, Малдив ороллари, Мянма Иттифоқи Республикаси ва Бирлашган Араб Амирликларига ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори мақомини бериш бўйича меморандумни имзолаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий сайтида маълум қилинди.
Меморандумларни ШҲТ номидан ташкилот Бош котиби Чжан Минг, мақом олган давлатлар номидан эса уларнинг Ҳиндистондаги Фавқулодда ва Мухтор Элчилари имзолаган. Маросимда 2022 йилда Самарқанд шаҳрида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг йиғилишида қабул қилинган тегишли қарорни амалга ошириш бўйича ҳуқуқий тартиб-таомиллар якунланди.
Меморандумларга кўра, юқорида қайд этилган давлатлар ШҲТ доирасида минтақавий хавфсизлик ва барқарорлик, савдо ва сармоя, энергетика, АКТ, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва коммуникациялар, маданият, фан ва технологиялар, таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида ҳамкорлик қилади.
Маълумот учун, мулоқот бўйича ҳамкор мақоми давлатга ташкилот аъзоларининг таклифига биноан ШҲТ доирасидаги ихтисослаштирилган тадбирларда иштирок этиш ҳуқуқини беради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь