Малайзияда протокол қоидаларидан чекиниб, Мирзиёевга юксак ишонч намойиш этишди
Жамият
−
05 Февраль
7447Бугун, 5 февраль куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Малайзияга сўнгги 20 йил ичидаги илк расмий ташрифи якунига етди. Малайзия расмийлари Президент Мирзиёев билан самимий учрашувлар ўтказиш учун қатъий протокол қоидаларидан чекиниб, юксак ҳурмат ва ишонч намойиш этди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов маълум қилди.
“Дипломатик тажрибам ва матбуот котиби сифатидаги фаолиятимга асосланиб айтишим мумкинки, икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги самимий муносабат ва норасмий мулоқот жуда ёрқин таассурот қолдирди. Ушбу гўзал ва меҳмондўст мамлакат раҳбарияти Президентимиз билан самимий учрашувлар ўтказиш учун қатъий протокол қоидаларидан чекиниб, юксак ҳурмат ва ишонч намойиш этганига гувоҳ бўлдик”, дейди Асадов.
Унинг айтишича, Президентни кутиб олишга Малайзия парламенти спикери чиққани ушбу мамлакат протокол амалиётида илгари кузатилмаган воқеа бўлган. Бундан ташқари, Малайзия Бош вазири Анвар Иброҳим Президент Шавкат Мирзиёевга бутун кун давомида, барча расмий тадбир ва учрашувларда ҳамроҳлик қилган.
“Ҳаттоки мулоқотни давом эттириш учун Ўзбекистон Президентига ажратилган қароргоҳга шахсан ташриф буюрди. Кейин улар биргаликда, бир машинада “Petronas” бош қароргоҳига йўл олишди, у ерда компания раҳбарияти билан учрашув ўтказишди”, дейди Президент матбуот котиби.
Шунингдек, Асадов Ўзбекистон Президенти шарафига уюштирилган расмий қабул маросимида Малайзия санъаткорлари ўзининг бой тарихи ва маданияти билан бир қаторда ўзбек халқининг куй-қўшиқлари, рақсларидан иборат концерт дастурини намойиш этгани ҳам алоҳида эътибор ифодаси бўлганини қайд этди.
“Бундай норасмий ва самимий муносабат икки етакчи ўртасидаги яқин дўстликдан, Ўзбекистон ва Малайзия халқларининг бир бирига бўлган юксак ҳурмати, икки томонлама муносабатларнинг порлоқ истиқболидан далолат беради”, дейди Асадов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти кеча, 4 февраль куни кечқурун расмий ташриф билан Малайзияга етиб борганди. Куала-Лумпур халқаро аэропортида давлат раҳбарини Малайзия парламенти Вакиллар палатаси спикери Жоҳари бин Абдул, Таълим вазири Замбри Абдулқодир ва бошқа расмий шахслар кутиб олди. Президент аэропортда Малайзия парламенти спикери билан учрашув ўтказди. Бугун, 5 февраль куни Куала-Лумпур шаҳридаги “Пердана Путра” ҳукумат мажмуасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни расмий кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Шу ерда Мирзиёев ва Иброҳим тор доирада ва расмий делегациялар иштирокида музокаралар ўтказди. Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти ва Малайзия Бош вазири Стратегик шериклик йўлида икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш тўғрисида қўшма баёнот имзолади. Шунингдек, Мирзиёев гумбазининг ички қисмини безаш ва реставрация ишларида ўзбекистонлик усталар иштирок этган Малайзия Ислом санъати музейида бўлди.
LiveБарчаси