Мактаб олдида дезинфекция тоннели бўлиши керакми? Шерматов жавоб берди

Жамият 5737
image

Ўзбекистонда коронавирус пандемияси давом этаётган бир вақтда турли ташкилот ва муассасаларнинг эшиги олдига дезинфекция тоннелларини ўрнатиш урф бўлди. Қаерга қарама шундай йўлаклар. Агар Халқ таълимми вазирлиги таклифига биноан мактабларда 14 сентябрдан ўқиш бошланса, таълим муассасаси олдига ҳам шундай тоннеллар ўрнатиладими? Бу саволга Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов жавоб берди.

“Пандемия бошида ҳамма жойга COVID-19 тоннеллари ўрнатилганди. Баъзи ҳокимиятлар мактаб олдига ҳам ўрнатиб қўйганди. Улар олиб ташланди. Мактаб олдида COVID тоннели бўлиши керак эмас. Шунинг учун, ҳокимиятлардан ҳам, мактаб директоридан ҳам илтимос бунга ортиқча пул сарфлаш керак эмас. Ундан хлорли суюқлик сепилса, болага харари бўлиши мумкин”, деди вазир.

Шунингдек, у дарс вақтини қисқартириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Шерматовнинг сўзларига кўра, дарс вақтини қисқартириш айрим дарсларга тааллуқли бўлиши мумкин. Бунда максимал даражада дарсни 45 дақиқа давомийлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилинади.

Бундан ташқари, вазир мактабдаги бирор ўқувчида коронавирус аниқланса, таълим муассасаси тўлиғича ёпилмаслигини маълум қилди.

“Битта синфда коронавирус чиқадиган бўлса, ўша синфнинг ўзини ёпиб, онлайн таълимга ўтказамиз деган таклиф бериляпти”, деди Шерматов.

Аввалроқ, 7 сентябрдан айрим мактабларда синов тариқасида, 14 сентябрдан эса барча умумий ўрта таълим ташкилотларида ўқиш бошланиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 219
Рейтинг: 3.1
t
×