Лос-Анжелесда Голливуд юлдузларининг уйлари ёниб кул бўлди
Олам
−
09 Январь
9327Лос-Анжелесдаги ўрмон ёнғинлари туфайли Голливуд актёрлари Энтони Хопкинс, Адам Броди, Анна Фэрис ва бошқа кўплаб машҳурлар ўз уйларини йўқотди. Бу ҳақда “Page Six” нашри хабар берди.
“Адам Броди ва Лайтон Мистернинг 6,5 миллион долларга баҳоланган ҳашаматли уйи ёниб кулга айланган. Анна Фэрис ҳам ёнғин туфайли кўп миллион долларлик қасридан айрилган. Энтони Хопкинснинг Пасифик Палисейдс ҳудудидаги уйи ёнғиндан кейин вайронага айланган”, дейилади хабарда.
Шунингдек, актёрлар Майлз Теллер, Южин Леви, Билли Кристал, Жон Гудман ва бошқа кўплаб машҳурларнинг ҳам уйлари ёниб кетган. Ёнғин туфайли уларнинг кўпчилиги эвакуация қилинган.
“Associated Press” нашрининг маҳаллий расмийларга таяниб хабар беришича, ёнғинлар оқибатида олтитадан ортиқ мактаб биноси шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган. Бу мактаблар орасида Голливуд фильмларида, жумладан, 1976 йилда суратга олинган “Кэрри” ҳоррор фильмида ва “Кичик бўри” сериалида намойиш этилган “Palisades Charter” мактаби ҳам бор.
Лос-Анжелес округида ўн минглаб аҳоли учун мажбурий эвакуация буйруқлари берилган. Округ ёнғин хизмати раҳбари мавжуд ресурслар бир ёки икки катта ёнғин билан курашиш учун мўлжалланганини, лекин ҳозирги вазият анча мураккаблигини тан олган. Кучли шамоллар авиация ишларини вақтинча тўхтатиб қўйган, Палисейдс ҳудудидаги ёнғин гидрантлари эса ишламаётгани қайд этилган. Мазкур ёнғинлар Лос-Анжелес тарихидаги энг ҳалокатли воқеалардан бири сифатида кўрилмоқда. Яна бир катта ёнғин – “Итон-Файр” Алтадена ҳудудида 10 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олган ва 13 мингга яқин бинони хавф остида қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден Лос-Анжелесда кучли ёнғинларга қарши чораларни қўллаб-қувватлаш учун Фавқулодда ҳолат декларациясини тасдиқлаган эди.