Литвада юк самолёти тураржой биноси устига қулаб тушди
Олам
−
25 Ноябрь
3488Литва пойтахти Вильнюс шаҳрида юк ташувчи самолёт икки қаватли тураржой биноси устига қулаб тушди. Ҳодиса оқибатида бир киши ҳалок бўлган, яна бири шифохонага ётқизилган. Бу ҳақда “Delfi” хабар берди.
Дастлабки маълумотларга кўра, самолёт DHL компаниясига тегишли. Унинг бортида тўрт киши – икки нафар учувчи ва икки йўловчи бўлган. Воқеа маҳаллий вақт билан соат 5:31 да юз берган. Ҳодиса сабаблари ҳали аниқланмаган. Маълум қилинишича, камида бир учувчи омон қолган, у кабинадан чиқарилиб, тиббиёт ходимларига топширилган.
LRT телеканали маълумотига кўра, самолёт Лейпцигдан учган ва Вильнюс аэропорти яқинида қулаган. Бироқ ҳодиса аэропорт фаолиятига таъсир кўрсатмаган. Самолётда қандай юк бўлгани ҳозирча номаълум.
“Мазкур ҳодиса бўйича тергов ишлари олиб борилмоқда, воқеа тафсилотлари яқин орада аниқланади”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг Сочидан учган Sukhoi Superjet 100 самолёти Туркиянинг Анталия шаҳри аэропортига қўнгач, ёниб кетгани хабар қилинган эди.