Болтиқбўйи давлатларида 550 мингдан ортиқ аҳоли электрсиз қолди

Олам

image

Латвия, Литва ва Эстонияда кузатилган кучли циклон оқибатида камида 2 киши ҳалок бўлди, юз минглаб аҳоли электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда “Associated Press“ хабар берди.

Қайд этилишича, бўрон кеча, 22 август куни бошланиб, бугун, 23 августга ўтар кечаси ҳам давом этган. Латвиянинг Елгава шаҳрида бино қисми қулаб тушиши оқибатида бир киши ҳалок бўлган. Литвада эса бир фуқаро қулаган дарахт остида қолиб, ҳаётдан кўз юмган.

Латвияда 250 мингдан ортиқ, Литвада эса 200 мингдан зиёд аҳоли электр энергиясиз қолган. Мобил алоқа, темирйўл ва жамоат транспорти ҳаракатида ҳам узилишлар кузатилган.

Латвия пойтахти Рига шаҳрида шамол тезлиги соатига 108 километрдан ошган. Кучли ёғингарчилик сабаб айрим ҳудудларда бир кун ичида ойлик ёғин меъёрининг ярмига тенг ёмғир ёғган.

Эстониянинг ғарбий ва шимолий ҳудудлари ҳам бўрондан жиддий зарар кўрган. Оролларга қатновчи паромлар ҳаракати тўхтатилган, қўшни давлатлардан келаётган поездлар кечиккан.

Шунингдек, бўрон Польшанинг шимоли-шарқий қисмига ҳам таъсир кўрсатиб, 100 мингдан ортиқ истеъмолчини электр энергиясиз қолдирган.

Мутахассислар ҳозирча иқлим ўзгаришининг ушбу табиий офатдаги ролини аниқ баҳолаш қийинлигини билдирган. Бироқ улар глобал иқлим ўзгариши ёғингарчиликнинг кучайишига таъсир қилган бўлиши мумкинлигини истисно этмаган.

Латвия метеорологлари эса бу бўронни мамлакатда 2005 йилдан буён кузатилган энг кучли табиий ҳодисалардан бири деб баҳоламоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Францияда кузатилган кучли момақалдироқ ва бўронлар оқибатида камида икки киши ҳалок бўлиб, ўн минглаб хонадонлар электр таъминотисиз қолганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг