Латвия Эстониянинг Россия билан чегарани ёпиш қарорини танқид қилди

3-саҳифа

−

visibility3031 timer2 дақиқа

image

Латвия Бош вазири Андрис Кулбергс Эстониянинг Россия билан чегарадаги автомобиль ўтказиш пунктларини ёпиш қарорини хатолик деб баҳолади. Унинг фикрича, бундай чекловлар Болтиқбўйи давлатлари билан келишилган ҳолда бир вақтда жорий этилиши керак. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.

Кулбергс кеча, 25 ноябрь куни Эстония қарорини Латвия ва Литва билан олдиндан мувофиқлаштирмаган ҳолда қабул қилганини танқид қилган. Унинг тахминича, бунга Эстониядаги сайловолди вазияти ҳам таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Бош вазир Латвиянинг бундай масалада бир томонлама ҳаракат қилишини ҳам ўйламаслик кераклигини таъкидлаган.

Ҳозирда Рига Россия билан транспорт алоқаларини чеклашга шошилмаяпти. Аксинча, Латвия ҳудуди орқали ўтадиган юк ташиш ҳажми ортиши мумкинлигини ҳисобга олмоқда. Кулбергс ҳукумат келгуси ҳаракатлар бўйича тўртта эҳтимолий сценарийни ўрганаётганини айтган, аммо уларнинг тафсилотларини очиқламаган.

“Осиё давлатлари ва АҚШ ҳамкорларига тегишли юклар Латвия орқали ташилади. Шу боис Россия билан транспорт алоқаларини чеклаш масаласида бу омил ҳам инобатга олиниши керак”, дейди Бош вазир.

Шунингдек, Латвия ҳукумати Россия ғалласининг транзитини тақиқлаш масаласини ҳозирча муҳокама қилмаган. Кулбергс бу борадаги маълумотлар қўшимча текширув ва хавфсизлик хизматлари билан келишувни талаб қилишини билдирган.

Айни вақтда Латвия Украина билан ҳамкорликда украин ғалласини мамлакат инфратузилмаси орқали ташиш имкониятларини ўрганмоқда. Бош вазир яқин вақтларда бу борада муҳим янгиликлар бўлишини айтган.

Маълумот учун, 13 ноябрь куни Латвия Ташқи ишлар вазирлиги Россия ва Беларусь келиб чиқишига эга ғаллани мамлакат ҳудуди орқали транзит қилишни миллий санкциялар механизми асосида тақиқлаш режасини маълум қилган. Бу бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси ҳам тайёрланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эстония жорий йил 1 декабрдан бошлаб Россия билан барча чегара ўтказиш пунктлари фаолиятини тўлиқ тўхтатиши ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг