Лиманда рус ҳарбийлари қуршовда қолди – ISW

Олам 17841
image

Украина Қуролли Кучлари ҳарбийлари Донецк вилоятининг Лиман шаҳрида рус ҳарбийларини қуршовга олишни деярли якунлаган. Бу ҳақда Американинг Урушни ўрганиш институти (ISW) ҳисоботида маълум қилинди.

“Украина қўшинлари, эҳтимол, Лимандаги рус гуруҳини қамал қилишни деярли тугатди ва Дробишево-Лиман ҳудудида рус қўшинларини қўллаб-қувватловчи муҳим қуруқлик алоқаларини (ГЛОКС) узди”, дейди экспертлар.

Шундай қилиб, россиялик тарғиботчилар Лимандан 10 километр шимолда жойлашган Ставок ҳудудида Украина ҳимоячилари Россия мудофаасини ёриб ўтгани сабабли дод сола бошлаган. Бундан ташқари, Украина Қуролли Кучлари Лиман ғарбидаги чизиқни ушлаб турган рус бўлинмалари учун охирги таъминот ва чекиниш йўли бўлган Торск-Дробишево йўлини кесиб қўйган. ISW таҳлилчилари Дробишево ва Лиман ҳудудларида мудофаани ушлаб турган 20-армиянинг БАРС-13 ва 752-мотоўқчилар полки “ўта оғир” вазиятга тушиб қолгани ҳақида ёзган.

“Россия манбалари 29 сентябрь куни ҳам Харьков вилояти шимоли-шарқидаги Оскол дарёси бўйлаб Украинанинг қарши ҳужум амалиётларини муҳокама қилишда давом этди. Россиялик ҳарбий блогер Украина қўшинлари Харьков-Луганск чегараси яқинида номаълум жойда Россия мудофаасини бузиб ўтишга уринаётганини даъво қилди”, дея қўшимча қилган таҳлилчилар.

Россия-Украина уруши

Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.

Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.

24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.

Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.

25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.

Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.

Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.

Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.

Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. 

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 43
Рейтинг: 3
t
×