Лепс Ўзбекистондаги концерти бекор қилинганига муносабат билдирди
Жамият
−
07 Июль 2023
24802Россиялик хонанда Григорий Лепс ўзининг Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондаги концертлари бекор қилинишига муносабат билдирди. Бу ҳақда у “Говорит Москва” радиостанциясига берган интервьюсида гапирди.
Қайд этилишича, Лепс концертларининг бекор қилинишига нисбатан Россия ва “дўст давлатлар”да ишлари етарлича эканини айтган.
“Энди Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқаларсиз қандай яшайман? У ердаги одамларнинг аксарияти мутлақо нормал, баъзилари эса ўта сўл ва жуда ўнг – улар 20 доллардан тўлаган. Айнан улар учун ҳам ҳаракат қилсангиз арзийди. Қолганига келсак, менга барибир. Мен Россияда яшайман. Мен учун бизнинг дўстона давлатларимиз – Жанубий Америка, Малайзия, Туркия ва бошқа мамлакатлардан ташқари дунёнинг деярли барча давлатларига кириш тақиқланган. Мен мутлақо хотиржамман, уйда жуда бахтлиман. Ҳаммаси жойида. Қолаверса, улар ўз мамлакатларининг хўжайини – кимни киритиш ва кимни киритмасликни уларнинг ўзлари ҳал қилади. Лекин бунинг мусиқага алоқаси йўқ. Мусиқа сиёсатдан ҳоли бўлиши керак. Афтидан, улар менинг “махсус операция” бўйича позициям, ватаним учун қиладиган хизматим ва йигитларимизга ёрдам бериш учун амалга ошираётган ишларимдан ғазабланишган. Худо уларга ёр бўлсин. Ҳукмни тарих чиқаради, қолган барча нарса мени безовта қилмайди. Ишимиз бисёр, ватанимизда бизни жуда яхши кутиб олишади, кўрганларидан хурсанд бўлишади. Шубҳасиз, мен ҳам бундан жуда бахтиёрман. Агарда, эртага мен учун дунёнинг ҳамма жойига бориш тақиқланса ҳам, фақат ўз мамлакатимда ишлашимдан фахрланаман ва хурсанд бўламан”, дейди Лепс.
Маълумот учун, Григорий Лепс Россиянинг Украинага босқинини фаол равишда қўллаб келади. Масалан, у жорий йилнинг 14 июнь куни яна бир россиялик хонанда Николай Басков билан бирга Украина Қуролли Кучларига тегишли танкларни йўқ қилган ҳар бир кишига шахсий ҳисобидан миллион рублдан беришини маълум қилганди. Кейинроқ мазкур ташаббусга телебошловчи Юлия Барановская ҳамда “Земляне” рок-гуруҳи раҳбари Владимир Киселев ҳам қўшилди. 4 июль эса Лепс немис танки Leopard'ни йўқ қилган ҳарбийга миллион рубль мукофот берганини эълон қилди. Мазкур воқеадан бироз ўтиб унинг Ўзбекистонда ўтиши режалаштирилган концерти бекор қилинди. Гарчи Маданият ва туризм вазирлиги буни “техник сабаблар” билан изоҳлаган бўлса-да, концертнинг бекор қилинишига ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ фаоллар томонидан россиялик хонанданинг Ўзбекистонда концерт беришига қарши ўтказилган акциялар ҳам сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Шунингдек, аввалроқ Украинанинг Тошкентдаги элчихонаси Россиянинг босқинини қўллаб-қувватловчи хонандаларнинг Ўзбекистонда концерт бериши юзасидан ваколатли органларга мурожаат қилганди. Тошкентдаги концерт бекор қилинишидан аввалроқ Лепснинг Қозоғистон ва Қирғизистондаги концерт дастурлари ҳам ўтказилмайдиган бўлди.
Бу йил бошидан буён россиялик санъаткорларнинг Маракзий Осиёдаги концертлари бекор қилинган илк ҳолат эмас. Аввалроқ “ЖАРА” фестивали ҳам номаълум муддатга қолдирилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь