Лавров Путинга шерик бўлади
Олам
−
13 Август 8216 2 дақиқа
Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров 15 август куни АҚШнинг Аляска штатида бўлиб ўтадиган Россия ва АҚШ саммитида қатнашади. Бу ҳақда Россия ТИВ Ахборот ва матбуот департаменти директор ўринбосари Алексей Фадеев маълум қилди.
“Ҳа, мен Сергей Викторович Лавровнинг ушбу тадбирда иштирок этишини тасдиқлай оламан”, дея журналистларнинг саволига жавоб берган Фадеев.
Унинг сўзларига кўра, Аляскадаги саммит нафақат Украинадаги можаро ечимига, балки икки давлат ўртасидаги муносабатларни нормаллаштиришга оид йиғилиб қолган масалаларни ҳам муҳокама қилиш имконини беради.
Қайд этиш жоиз, АҚШ Президенти Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путиннинг Аляскадаги учрашуви 15 август куни Эльмендорф-Ричардсон ҳарбий базасида бўлиб ўтиши режалаштирилган. Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливиттга кўра, Трамп ва Путин учрашувнинг камида бир қисмини ёлғиз ўзи, фақат таржимонлар иштирокида, маслаҳатчилар иштирокисиз ўтказади. Трампнинг ўзи учрашувни “синов” деб атаган. Россия томони учрашувнинг асосий мавзуси сифатида Украина бўйича можаро масаласини кўрсатган.
Маълумот учун, кеча, 12 август куни Сергей Лавров АҚШ Давлат котиби Марко Рубио билан телефон орқали мулоқот ўтказди. Улар Владимир Путин ва Дональд Трамп учрашувига тайёргарликни муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Президенти Владимир Зеленскийнинг офиси маслаҳатчиси Михаил Подоляк Украина Россия билан ҳаво ҳужумларини тўхтатиш бўйича сулҳни муҳокама қилишга тайёр эканини билдирганди.
Live
Барчаси