Купер ишончи ёхуд икки омадсизнинг келажагига назар

Таҳлил

image

Ҳар қандай рақибга қарши майдонга тушар экансан, аввало, уни таслим этишга ўзингда ишонч юқори бўлиши лозим. Сарлавҳада бекорга “Купер ишончи” атамасини келтирмадим. Ростдан ҳам бу мутахассисда ҳар доим ишонч етарли даражада бўлган. Агар у ўзига ишомаганда ўртамиёна “Мальорка” билан Испания кубоги финалигача етиб бормаган, кейинги мавсумда Суперкубок финалида кимсан “Барселона”ни таслим этиб, “Мальорка” тарихидаги илк совринни клуб музейига тақдим этолмаган бўларди. Лекин афсуски, ушбу кубок нафақат “Мальорка” учун, балки терма жамоамиз мураббийи учун ҳам ягона соврин бўлиб турибди.

Унга гранд жамоаларни бошқариш насиб этмаган. У мураббийлик қилган жамоалар нари борса Ўзбекистон термаси даражасида эдилар. Эътироз билдиришга шошилмай туринг. Мен Осиё даражасидаги Ўзбекистоннинг мавқейини айтмоқдаман.

Эктор Купер “Мальорка”, “Валенсия”, “Интер” каби клубларда ишлаб уларни рақобатбардош жамоаларга айлантира олган эди. Ушбу мутахассис бошқармасдан олдин клублар ўртамиёна савияда эдилар. У ишлади. Жамоани бирлаштира олди. Жамоавий ўйинни шакллантирди. Шерикларини олдинга судрайдиган яққол етакчи билан эмас, унинг жамоаси бир бутун ҳолда кучли эди. Бу ишларни амалга ошириш учун мураббийнинг ишончи ва иродаси мустаҳкам бўлиши зарур. 

Шу ўринда Купернинг иродасига гап-сўз бўлиши мумкин эмас. У ўзи иштирок этган финалларнинг деярли барчасида мағлуб томонда бўлган. Ҳар доим совринга бир қадам қолганда тақдир унинг устидан кулиб, омадни рақибга шерик қилиб қуяверар эди. У ЕЧЛ финалига кетма-кет икки марта чиқиб омадсизликка учраган. Айниқса охирги финалида пеналтилар сериясига кўра “Бавария”га мағлуб бўлганда, гўёки уни баланд бир қоядан ташлаб юборгандек бўлишганди. 

Купер ҳар гал йиқилганда ишонч билан яна ўрнидан тура олган. Худди бизнинг миллий термамиз мухлислари каби. Сездингиз, сарлавҳамизнинг иккинчи қисмидамиз. Терма жамоамизнинг омадсизликларини бир-бир санаб дилингизни яна хира қилмоқчи эмасман. Фақат ҳар гал қайта тура олганимизни эслатмоқчи бўляпман, холос.

Ёдингиздадира, илк бор бизда умид уйғонган дамлар. Жаҳон чемпионати мезбонлиги Жанубий Корея ва Японияга топширилганда, ўзимизча хурсанд бўлган эдик. Гўёки жиддий рақибларимиз йўлимиздан четга чиққан, биз эса ўзимизнинг даражадаги жамоаларни ютсак, жаҳоннинг энг нуфузли турнирида иштирок этамиз. Худди шундай хаёл сурган эдик ўшанда. Лекин якунда ҳаммаси хом бўлиб чиққан эди.

Кейин 2006 йилги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун жуда яқин келгандик. Деярли ҳаммаси чўнаткда эди. Плей-оффда Баҳрайнни таслим этсак, Шимолий Американинг Тринидад ва Табагосига рақиб бўлар эдик. Лекин бизникилар Баҳрайн билан икки ўйинда ҳам дурранг ўйнаб, ширин хаёлларимизни барбод қилган эди. Ўша саралашда ҳаммамиз бу биз учун охирги имкон: агар ҳозир чиқолмасак кейин буткул бундай имконият бўлмайди деб ният қилиб юборгандик. Ҳали-ҳамон ўша қора ниятимизнинг рўёбини кўрмоқдамиз. Нега биз ўшанда охирги имкон санаб бунга ёпишганмиз, чунки бизнинг афсонамиз Миржалол Қосимов яшил майдондаги фаолиятининг сўнгги дамларини бошдан кечирмоқда эди.

2010 йилги саралашда эса яна ҳаммаси такрор содир бўлди. Яна Баҳрайн бизни ортда қолдирди. Бу гал эса яхши кўриб қолганимиз бутун бир авлод учун қайғургандик ўшанда ва яна буни сўнгги имкон деб ҳисобладик.

Умидлардан ҳам айрилиб бўлган дамларимизда Вадим Абрамов деганлари пайдо бўлиб қолди. Яна ҳаммамизни бирлаштириб орзу қилишга, нимагадир ишонтиришга киришиб кетди у. Илк марта Осиё Кубогида ярим финалга етиб бордик. Илк марта Японияни сафарда таслим этдик. Ҳамма йўллар гўёки бизни ЖАРга олиб кетаётган эди. Аммо ЎФФ бошимизга бало бўлиб, Абрамовни термадан ҳайдаб солдида, орзуларимизни бира тўла кўмиб қўя қолди.

Охиргиси эса, шунчаки аламлар, аламлар... Ҳаммамизни еб битирди бу аламлар! Шундай қилиб биз Купер каби фақат финалларда омадсизликка учраганмиз. Саралаш финалларида!

Ўтган йили икки омадсизнинг йўли бир-бири билан тутуш келди. Купернинг ўктам нигоҳлари бизга ишончни қайтармоқда. Ҳар гал матбуот анжуманларида у бот-бот бу ҳақда сўзлайвериб, бизни ҳам ўйғотмоқда. У шунчаки гаплари билан эмас, майдондаги ўйинлари билан ҳам бизни қайтара олди. Нима бўлса ҳам сўзга кирмас омад бу гал Купер ва биз тарафда бўлсин. Зеро биз ҳам, Купер ҳам омадсизликлардан жуда чарчадик.


Мақола муаллифи

Теглар

Эктор Купер Ўзбекистон миллий терма жамоаси

Баҳолаганлар

121

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг