Кўмир конида портлаш содир бўлди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
11:59 1785 2 дақиқа
Кеча, 30 июль куни Покистоннинг Балужистон вилоятидаги кўмир конида портлаш содир бўлди. Портлаш оқибатида камида 32 нафар кончи ҳалок бўлди, яна 10 нафари ер остида қолмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Қайд этилишича, қутқарувчилар уларни қидиришда давом этмоқда, бироқ расмийлар уларнинг омон қолиш эҳтимоли жуда паст эканини билдирган. Балужистон вилояти кон инспекцияси вакили Ғани Балочнинг айтишича, ҳодисага шахтада метан газининг тўпланиб қолиши сабаб бўлган.
Портлашдан бир неча соат ўтиб қутқарувчилар етти нафар кончининг жасадини топган. Кейинчалик яна 25 нафар ҳалок бўлган ишчининг жасади олиб чиқилган. Ҳозирда ер остида қолган кончиларни қидириш ва қутқариш ишлари давом этмоқда.
Балочнинг таъкидлашича, барча кончилар топилмагунча қутқарув амалиёти тўхтатилмайди. Шунингдек, у қурбонлар сони яна ортиши мумкинлигини ҳам қайд этган.
“Метан гази портлагандан кейин тирик қолганларни топиш эҳтимоли кескин камаяди, чунки шахтадаги кислород миқдори деярли нолга тушади. Шу боис қутқарувчилар ҳам жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилмоқда“, деган у.
Расмийлар ҳалок бўлганларнинг жасадларини яқинларига топшираётганини, ер остида қолган ишчиларнинг қариндошлари эса хавотир билан янгилик кутаётганини маълум қилган.
Балужистон вилояти конлар ва фойдали қазилмалар вазири Шоаиб Ношервани қутқарувчилар ўта оғир шароитларда ишлаётганини айтиб, ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдирган.
Унинг сўзларига кўра, вилоят ҳукумати портлашда ҳалок бўлган ҳар бир кончининг оиласига 500 минг Покистон рупияси (тахминан 1 800 АҚШ доллари) миқдорида компенсация тўлайди. Шунингдек, портлаш сабаблари юзасидан батафсил тергов ўтказилиши ҳамда конлардаги хавфсизлик чоралари қайта кўриб чиқилиши маълум қилинган.
Покистон Марказий кончилар меҳнат федерацияси ҳодисага масъулларнинг эҳтиётсизлиги сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдириб, айбдорларга нисбатан қатъий чоралар кўришга чақирган. Касаба уюшмаси ҳукуматни кон хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилишини назорат қилиш ва уларни бузaётган компанияларга нисбатан кескин чоралар кўришга ундаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитой шимолида жойлашган кўмир конида юз берган портлаш оқибатида 82 киши ҳалок бўлиб, яна 9 киши бедарак йўқолган эди.