АҚШ ҳарбийлари Айовада 4,5 тонна заҳарли моддани портлатиб юборди
Олам
−
428 2 дақиқа
Бугун, 25 ноябрь куни Америка ҳарбийлари Айова штатидаги заводда 4,5 тонна қўрғошин азидини назорат остида портлатиш жараёнини амалга оширди. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.
Нашрга кўра, ҳудудда кучли портлаш овози эшитилган, операция ўтказилган жой устида иккита оқ тутун булути пайдо бўлиб, тезда тарқалиб кетган. Ҳарбийлар журналистлар ва бошқа кузатувчиларни портлатиш жойига 6,4 километрдан яқинроқ масофага йўлатмаяпти.
Қайд этилишича, ҳукуматнинг уйда қолиш ҳақидаги огоҳлантиришларига қарамай, айрим маҳаллий аҳоли вакиллари портлашни томоша қилиш учун кўчаларга чиққан.
Маълумот учун, жорий йилнинг 20 ноябрь куни АҚШ армияси Миддлтаун шаҳридаги заводда 68 бочка заҳарли қўрғошин азиди моддасини бошқариладиган портлашлар йўли билан йўқ қилишни режасин эълон қилган. Бироқ кимёвий моддаларни портлатиш туфайли атроф-муҳитга хавфли бирикмалар тарқалишидан хавотир олган экофаолларнинг даъво аризасидан сўнг суд ушбу режани амалга оширишга вақтинчалик тақиқ қўйган. Суд қарорига қарамай, Адлия вазирлиги 22 ноябрь куни армия фавқулодда ваколатлар асосида утилизация ишларини ўтказишга ҳақли эканини маълум қилган.
23 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп армиянинг режасини қўллаб-қувватлаган, бироқ апелляция суди экофаоллар даъвоси юзасидан қарор қабул қилмагунича ва ноябрь ойи бошида сайланган, аммо ҳали лавозимига киришмаган демократ-губернатор Роб Сэнд қўрғошин азидини утилизация қилишни қўллаб-қувватламагунича ҳарбийларга уларни амалга оширишга киришмаслик ҳақида кўрсатма берган. Апелляция суди 23 ноябрь куни кечқурун кимёвий моддаларни портлатишни режалаштиришда барча экологик талабларга риоя этилгани ҳақида қарор чиқарган, Сэнд эса АҚШ маъмуриятининг режасига қарши эмаслигини билдирган.
Live
Барчаси