Кремль Буча қирғини бўйича айбловларга жавоб қайтарди
Олам
−
04 Апрель 2022
22546Россия Украинанинг Буча шаҳридаги одамларнинг ўлимига алоқадорлик ҳақидаги ҳар қандай айбловларни қатъиян рад этади, мавзу халқаро миқёсда муҳокама қилиниши керак. Россия Федерацияси Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков Мудофаа вазирлиги провокация деб атаган воқеани изоҳлар экан, шундай фикр билдирди.
“Биз ҳар қандай айбловларни қатъиян рад этамиз. Бундан ташқари, биз бу мавзу муҳокама қилиниши керак, энг юқори даражада муҳокама қилиниши керак, деб ҳисоблаймиз, шунинг учун бу мавзуни кўриб чиқиш ташаббуси, мавзуни БМТ Хавфсизлик Кенгашида кўриб чиқиш ташаббусини билдирдик. Биз биламиз, бу ташаббус блокланди”, дейди Песков журналистларга.
“Буча қирғини”
Жорий йилнинг 1 апрель куни Буча мэри Анатолий Федорук Украина ҳарбийлари россиялик босқинчиларни чиқариб юборганини тасдиқлади. Чекинган руслар фуқаролик иншоотларини, инфратузилма объектларини ва аҳоли пункти ичидаги баъзи ҳудудларни миналаган.
Озод қилинган шаҳарда украиналик ҳарбийлар ҳудудни диверсантлар ва россиялик шериклардан тозалашга киришган.
2 апрель оқшомида Украина Мудофаа вазири ўринбосари Анна Маляр бутун Киев вилояти рус босқинчиларидан озод қилинганини очиқлади.
Шундан сўнг босқинчиларнинг ваҳшийликлари ҳақида маълумотлар пайдо бўла бошлади. Руслар одамларни ўлдирган ва зўрлаган, ҳақорат қилган ва қийноққа солгани айтилди. Дмитрий Комаров Бучадан даҳшатли кадрларни кўрсатди ва аҳоли нонни кўрганда шунчаки йиғлаётганини айтди. Кейинчалик тармоқда пайдо бўлган Бучадан олинган ҳайратланарли фотосуратларда боғланган одамлар ўлдираётгани маълум бўлди. Украиналиклар оммавий қабрларга дафн қилинган. Баъзи жасадлар кўчаларнинг ўртасида қолган.
Буча воқеалари ҳақиқати ошкор бўлгач, дунё давлатлари уни қоралади. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россияга қарши янги санкциялар пакетини ишлаб чиқишни бошлади.
Россия Мудофаа вазирлиги Бучадаги воқеаларни Москвага қарши провокация ва саҳналаштирилган деб атади.
Россия-Украина уруши
Жорий йилнинг 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Кейинроқ РФ республикаларни шу номдаги вилоятлар чегарасида тан олганини таъкидлаб, Украинага қарши уруш хавфини ошириб юборди.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ, ЕИ, Канада, Австралия, Буюк Британия ва Япония расмийлари ҳам Россияга қарши санкциялар киритди.
24 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Украина шарқида Донбассда рус ҳарбийлари "махсус ҳарбий операция" бошлаганини эълон қилди ва рус қўшинлари Украинага ҳужум бошлади. Путин бу ҳаракатини Украина шарқидаги россияпараст сепаратист кучлар раҳбарлари шундай сўров юборгани билан оқлади.
Бундан аввалроқ Зеленский Россия фуқароларига рус тилида мурожаат қилиб, украинларга “на совуқ, на иссиқ, на гибрид уруш керак эмас”лигини, украинлар ҳужумчиларни кутиб олишга тайёрлигини билдирганди. Кўп ўтмай Президент Россия билан дипломатик алоқани узди. Президент Зеленский мамлакатда ҳарбий ҳолат эълон қилди.
25 февраль куни Зеленский Украинада умумий ҳарбий сафарбарлик эълон қилди. Армияга чақирув мамлакатнинг қатор вилоят ва шаҳарларида амалга оширилиши белгиланди.
Рус қўшинлари ҳозиргача Украинага шимол, шарқ ва жанубдан ҳужум қилиб келмоқда ва қатор ҳудудларни эгаллашга эришди. Аммо бу уруш Россиянинг дунёда яккаланиб қолишига олиб келди.
Украинага ҳужум бошланиши Россия иқтисодига оғир зарба берди. Рус компаниялари акциялари кескин арзонлашди, Москва биржасида савдолар мислсиз даражада пасайиш билан ўтди. Газпром, ЛУКОЙЛ ва бошқа йирик компаниялар йўқотишларга учради.
Ҳужум бошлангач, Европа давлатлари ва АҚШ Россияга қарши бир неча босқичли санкциялар жорий қилди. Россиянинг ВТБ, “Россия” банки, “Открытия”, “Новикомбанк”, “Промсвязьбанк”, “Совкомбанк” ва ВЭБ.РФ банклари SWIFT халқаро банклараро тизимидан узилди. АҚШ ва Европа Иттифоқи Россиянинг олтин-валюта захирасини блоклади.
Европа давлатлари, АҚШ, Канада Россия учун ўз ҳаво ҳудудини ёпди. Бу санкцияларга нейтрал давлат ҳисобланган Швейцария ҳам қўшилди. Уруш фонида Украинани Европа Иттифоқи аъзолигига қабул қилиш жараёни тезлашди.
LiveБарчаси