Коронавирус хавфи: Путин миллатга мурожаат қилди
Олам
−
25 Март 2020
16096Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин мамлакатда COVID-19 коронавируси тарқалиши сабабли миллатга мурожаат билан чиқди ва келаётган ҳафтани иш ҳақи сақланган ҳолда дам олиш ҳафтаси деб эълон қилди.
“Ҳозирда касалликнинг тезлик билан тарқалиши хавфининг олдини олиш ўта муҳим. Шу сабабдан келаётган ҳафтани иш ҳақи сақланган ҳолда дам олиш ҳафтаси деб эълон қиламан. Аниқроғи дам олиш кунлари 28 март шанба кунидан 5 апрель якшанба кунигача давом этади”, деди Путин.
Президент ўзи белгилаган таътил муддати қандай расмийлаштирилиши ҳақида ҳеч нима демади.
У шу билан бирга, ҳаёт учун муҳим бўлган тузилмалар – банклар, дўконлар, тиббиёт муассасалари, дорихоналар, транспорт ва давлат ҳокимияти органлари ўз ишини давом эттиришини таъкидлади.
Путин россияликларни дам олиш ҳафтасида “тартибли ва масъулиятли бўлиш”га ва уйда қолишга чақирди. У таътил касаллик тарқалиши суръатини пасайтириш учун берилаётганини алоҳида қайд этди.
Маълумот учун, 25 март куни Россияда коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 163 та ҳолат аниқланди, улардан 120 таси Москвада қайд этилди. Айни пайтда Россиянинг 85 та регионидан 55 тасида COVID-19 билан касалланганлар аниқланган. Мамлакатда жами 658 кишида коронавирус аниқланган. Уларнинг бири ўлган 29 нафари даволанган.