Концерт вақтида номаълум шахслар 9 кишини отиб ташлади
Олам
−
310 2 дақиқа
АҚШнинг Калифорния штати марказий қисмидаги концертлардан бирида юз берган отишма оқибатида тўққиз киши ўқотар қуролдан яраланди. Бу ҳақда “Associated Press“ хабар берди.
Ҳодиса жорий йилнинг 21 ноябрь куни маҳаллий вақт билан соат 19:30 атрофида Калифорния штатининг Туларе округидаги Стратмор шаҳарчасида содир бўлган. Маҳаллий шериф бошқармаси маълумотига кўра, концерт давом этаётган вақтда номаълум сондаги шахслар йиғилганларга қарата ўқ узган.
Отишма оқибатида жами тўққиз киши жароҳат олган. Уларнинг орасида 26 ёшли эркак ҳам бор. У кўкрак қисмидан ўқ еб, шошилинч равишда шифохонага етказилган ва жарроҳлик амалиётини бошдан кечирган. Шифокорлар унинг аҳволини оғир деб баҳоламоқда.
Шунингдек, 19 ва 22 ёшли яна икки нафар жабрланувчи ҳам операция қилинган. Қолган олти киши турли даражадаги енгил тан жароҳатлари олган.
Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари отишма жиноий гуруҳлар фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Бироқ шериф бошқармаси ушбу тахмин юзасидан ҳозирча қўшимча тафсилотларни ошкор қилмаган. Отишмада иштирок этган гумонланувчиларнинг аниқ сони ҳам маълум эмас.
Концертда қўшни штатлардан келган ижрочилар ҳам қатнашган. Тахминан 3 минг аҳоли истиқомат қиладиган Стратмор шаҳарчасида юз берган ҳодиса юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳозирча гумонланувчилардан ҳеч бири қўлга олинмаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жанубий Африкада бир кун ичида содир бўлган иккита оммавий отишма оқибатида камида 17 киши ҳалок бўлган эди.
Live
Барчаси