КХШТ ўз машғулотларини Марказий Осиёга йўналтирмоқчи

Олам

image

Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти (КХШТ) 2024 йилда Марказий Осиё минтақасига қаратилган машғулотлар ўтказиш ниятида, тайёргарлик тадбирлари Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонда бўлиб ўтади. Бу ҳақда бугун, 16 ноябрь куни брифингда КХШТ Бирлашган штаб бошлиғи, генерал-полковник Анатолий Сидоров маълум қилди.

“2024 йилга мўлжалланган машқ режасида асосий эътибор Марказий Осиё коллектив хавфсизлик минтақасига қаратилган. Хусусан, Қирғизистонда биз КХШТга аъзо давлатлар Тезкор ҳаракат коллектив кучлари билан,  Қозоғистонда  тинчликпарвар кучлар билан, Тожикистонда Марказий Осиё Тезкор Коллектив кучлари билан машғулотлар ўтказишни режалаштирмоқдамиз”, деган Сидоров.

Шунингдек, у КХШТ Афғонистондан келаётган  таҳдидни тўхтатиш чораларини кўраётганини маълум қилган.

“Бугунги кунда Афғонистон ҳудудидан келиб чиқадиган ҳарбий хавф ёки таҳдид муаммоси бўйича бундай тўқнашувлар йўқ. Аммо, шу билан бирга, биз Афғонистоннинг амалдаги раҳбарияти давлат ҳудудидаги, жумладан, КХШТга аъзо давлатлар билан чегарадош шимолий ҳудудлардаги вазиятни ҳали тўлиқ ҳал қилмаётганини тушунамиз.  Шу боис муайян чоралар кўрилмоқда”, деган Сидоров.

Шу билан бирга, Сидоров Афғонистондан келаётган наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ муаммо ҳамон сақланиб қолаётганини таъкидлаган. 

"Албатта, у ерда муаммолар бор. Шу билан бирга, бу муаммоларни ҳал қилиш йўллари ҳам бор, менимча, бу мавзу кун тартибидан олиб ташланади", дея қўшимча қилган Бирлашган штаб бошлиғи.

КХШТ вакили Арманистон масаласида ҳам гап очган. Унинг аниқлик киритишича, Арманистон ташкилотдан чиқиш масаласида КХШТга расман мурожаат қилмаган. 

“Ташкилотнинг ўзида КХШТ Кавказ минтақасига қизиқишини йўқотгани ёки у ерда Арманистонни тарк этишни режалаштираётгани ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаган. Ҳатто шунга яқин қарашлар ҳам ҳеч кимнинг хаёлига келмаган”, дея таъкидлади Сидоров. 

КХШТ Бирлашган штаб бошлиғи Арманистоннинг КХШТнинг қўшма фаолиятидаги чекланган иштироки Еревандаги вазият билан боғлиқлигини таъкидлаган. Шу билан бирга, у арман томони ташкилот доирасида қонун чиқариш, ҳужжатларни кўриб чиқиш ва молиялаштиришда иштирок этишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Беларусь фуқароси Александр Лукашенкога телефон орқали 23 ноябрь куни Минскда бўлиб ўтадиган КХШТ йиғилишида қатнашмаслигини маълум қилганди. Бундан хабар топган Кремль Пашиняннинг бу қароридан афсусда эканини билдирган. Никол Пашинян эса КХШТ  республикадаги ўз масъулият зонасини белгилашдан бош тортаётганини айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий Осиё КХШТ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг