Илк бор ўзбекистонлик аёл Бутунжаҳон фанлар академияси вице-президенти этиб сайланди

Жамият

−

image

Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихида илк бор Ўзбекистон вакили Бутунжаҳон фанлар академияси раҳбариятидан жой олди. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси вице-президенти, профессор Шаҳло Турдиқулова 2027–2028 йиллар учун Бутунжаҳон фанлар академиясининг (TWAS) Марказий ва Жанубий Осиё бўйича вице-президенти этиб сайланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси хабар берди.

Бутунжаҳон фанлар академияси 112 мамлакатнинг етакчи тадқиқотчиларини, жумладан, Нобель мукофоти лауреатларини бирлаштиради. Академия 1983 йилда физика бўйича Нобель мукофоти лауреати Абдус Салом ташаббуси билан ташкил этилган. У ривожланаётган мамлакатларда илм-фан тараққиётини қўллаб-қувватлайди. TWAS ЮНЕСКОнинг дастурий бўлинмаси ҳисобланади, бош қароргоҳи эса Италиянинг Триест шаҳрида жойлашган.

Сайлов натижалари академия аъзоларининг овоз бериши асосида аниқланган. Шаҳло Турдиқулова олти нафар вице-президентдан бири сифатида 2027 йил 1 январдан ўз вазифаларини бажаришга киришади. У 2025 йилдан буён Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси ҳисобланади. TWASнинг янги Кенгашига Хитой Фанлар академияси президенти Хоу Цзяньго раҳбарлик қилади.

Шаҳло Турдиқулова Кенгаш таркибида академия фаолиятининг стратегик йўналишларини белгилаш, халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш ва тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш жараёнларида иштирок этади. Унинг сайланиши Марказий Осиёга TWAS’нинг илмий кун тартибини шакллантиришда раҳбарият даражасида бевосита қатнашиш имконини беради.

Шаҳло Турдиқулованинг фаолияти

Биология фанлари доктори Шаҳло Турдиқулова биотехнология, биокимё ва инсон генетикаси соҳаларида фаолият юритувчи олим, Илғор технологиялар маркази директори ҳисобланади. У докторлик диссертацияси устида ишлаш доирасида Лос-Анжелесдаги Калифорния университетининг (UCLA) мембрана биологияси лабораториясида тадқиқотлар олиб борган.

2025 йилда Оксфорд университетининг ташкилий етакчилик бўйича дипломини – Postgraduate Diploma in Organisational Leadership’ни олган.

Олиманинг илмий фаолияти Марказий Осиё аҳолиси генетикасини ўрганиш ва Ўзбекистонда биотехнологияларни ривожлантириш билан боғлиқ. Унинг раҳбарлигида COVID-19’ни аниқлаш учун илк маҳаллий ПЗР-тест тизими ҳамда Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигида ZF-UZ-VAC 2001 вакцинаси ишлаб чиқилган. TWAS илмий тадқиқотлар учун грантлар ажратади, илмий кадрлар тайёрлашга кўмаклашади, тадқиқот марказлари ўртасидаги алмашинувларни қўллаб-қувватлайди ва илмий дипломатияни ривожлантиради.

Шаҳло Турдиқулованинг академия вице-президенти этиб сайланиши Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг илмий ташаббусларини халқаро миқёсда илгари суриш, тадқиқот соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда минтақа ёш олимларининг халқаро дастурларда иштирокини ошириш учун қўшимча имкониятлар яратади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг